Депутат муаммоларни ўрганди

 

Жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида Фарғона вилоятида ҳамда 10-11 август кунлари Бухоро вилоятида инвестицияларни жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилишда бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Белгиланган вазифаларни ҳудудларда бажарилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У. Ўразбоев Дўстлик туманида бўлди.

Дастлаб, Дўстлик туманидаги Микро саноат хизмат кўрсатиш марказидаги “Лола чиннилари” МЧЖда бўлинганда, газ босимининг пастлиги сабабли лимит қўшиб беришда амалий ёрдам сўралди.

“NUR-SHER TEXTIL” МЧЖда эса 65 та тикув мошинкаси бор ҳозирги кунда 35 та иш ўрни яратилган, аммо бугунги кунда банкдан 1,5 миллиард сўм кредит олишда муаммо бўляпти. Кредит берилса яна 51 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Депутат У. Ўразбоев Жасурбек Холмуҳаммедов фермер хўжалигига тегишли “Дос милк” МЧЖда ҳам бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишди. 12 хил маҳсулот ишлаб чиқариладиган корхонада 14 та иш ўрни яратилган. Бироқ, канализация тизимини ишга тушириш билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмай келаётгани маълум бўлди ва амалий ёрдам сўралди.

Шу ва бошқа аниқланган муаммолар ечими юзасидан чора-тадбирлар режаси белгиланди. Ишчи гуруҳ фаолияти давом этмоқда.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш