Мустақилликдаги мислсиз янгиланишлар

 

Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун

Охирги йилларда мамлакатимизда мислсиз янгиланишлар, ўзгаришлар бўлиб, аҳолимизни турмуш даражаси ва фаровонлиги яхшилаб бормоқда. Бу ўзгаришларни аҳолимизнинг ҳар бири ҳис қилмоқда.

Мустақилликка ҳар хил таърифлар берилади, унинг аҳамияти, қадрини улуғлашга ҳаракат қилинади. Мустақиллик-аввало эркинлик, улуғ неъмат десак, адашмаймиз. У бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқини берди, адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш, ўз миллий давлатчилигимизни ривожлантиришга имконият яратди. Хуллас, қанча таърифламайлик, унинг қадрини, аҳамиятини тўлалигича баён эта олмаймиз. Фақат бир нарса аёнки, бу бебаҳо неъматни ҳар ким ўз тақдирида тутган ўрни, ўз ҳаёти, оиласи мисолида англайди, жамиятда ҳис этади.

Мустақиллик байрамини катта тайёргарлик билан кутиб олиш биз учун эзгу анъанага айланиб қолган. Чунки бу байрам бутун миллат ва халқ тақдири билан боғлиқдир. Байрам арафасида босиб ўтган йўлимиз, охирги етти йилдаги амалга оширилган улкан ишларимизни сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқ ва марраларни кўз ўнгимиздан ўтказишимиз табиий, албатта.

Халқимизни, айниқса, ёшларимизни қадрлаётган мустақиллигимизнинг ҳар бир кунига чексиз шукрона айтсак арзийди. Уларнинг иш билан таъминлашда, тадбиркорлик билан шуғулланишда асосий йўналишлардан бирига айланмоқда. Албатта, бу борада тадбиркорларга яратилган имконият, имтиёз ва рағбатлар ҳам катта кўмак бўлиб, мустаҳкам ишонч бермоқда. Биргина ижтимоий дафтарлардаги ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида миллиардлаб маблағлар ва субсидиялар берилмоқда.

Тошкент вилояти аҳолисини ҳам тадбиркорликка жалб қилиш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш, йўл қурилиши, боғча, мактаб, касалхона қулай шароитлар, умуман юртимиздаги ислоҳотлар самараси ҳақида жуда узоқ гапириш мумкин.

Шукрона айтиш керакки, мустақилликка эришгач, инсон қадри улуғланди ва яшашнинг қадрини ёшларимизга кенгроқ тушунтиришимиз, уларнинг қалбига етиб боришимиз керак, деб ўйлайман.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори эълон қилинган шу кунларда халқимиз мустақилликнинг имкониятлари, эркинлик қадри ҳақида фикр-мулоҳаза юритмоқда, бу кунлар ва тинчликнинг шукронасини айтишмоқда. Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шону-шуҳратига мос ҳолда муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида қарорда «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқилган.

Партиямиз томонидан барча туман, шаҳарларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, “Депутат маҳаллада”, “Ёшларга кўмак”, “Уч авлод учрашуви” тадбирлари, очиқ мулоқот ва суҳбатлари ўтказилмоқда.

Куни кеча партия фаоллари ва депутатлар билан Зангиота туманида ўтказилган тадбирда, яъни ИИВ ЖИЭД 1- сон Тергов ҳибсхонаси маҳкумлари билан очиқ мулоқотда Конституциямизга киритилган ўзгартиришлар ва мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар ҳақида суҳбатлашилди. Мулоқот даврида чиндан ҳам уларнинг дунёқараши ўзгаргани кўзга ташланди.

Охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу-тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни аниқ далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидланди.

Ўтказилган тадбир дарҳақиқат, унда билдирилган фикрлар ҳар бир юртдошимизни истиқлол берган имкониятлар ҳақида яна бир бор чуқур ўйлаб кўриш, тинчлик ва осойишталигимизни асраб-авайлашга ундайди. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг фаол иштирок этиши айниқса, муҳимдир. Демак, аҳоли орасида олиб бораётган ишларимизда шу масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, бугунги ва кечаги кунни аниқ ва ҳаётий мисоллар орқали таққослаб, мустақилликнинг чексиз неъматлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида тушунтириш ишларини кўпроқ олиб бориш керак, деб ўйлайман.

 

Акмал Умаралиев,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш