Мустақиллик — барча эзгу режа ва марраларимизнинг мустаҳкам кафолати

 

Шу кунларда юртимизда энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 32 йиллигини нишонлашга тараддуд қизғин паллага кирди. Гарчи 32 йил кўҳна тарих олдида қисқа вақт бўлса-да, истиқлол даври халқимиз тақдирида, Ватанимиз тараққиётида улкан из қолдирган муҳим тарихий йиллардир.

Айнан мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимизнинг пойдевори мустаҳкамланиб, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди. Жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар бажарилди.

Мустақилликка эришган кунимиздан буён халқимиз босиб ўтган машаққатли ва синовли даврларда қилинган ишлар кўлами, эришилган ютуқлар, улкан марра ва натижалар салмоғи жуда катта. Энг муҳими, халқимизнинг дунёқараши ўзгарди, давлат ва жамият бошқаруви ишларида фаоллиги ошмоқда.

Буларнинг барчаси келажакда янада салмоқли натижаларга эришиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини англатади. Ҳозирги вақтда ҳаётимизнинг турли соҳаларида янгиланишлар янада жадаллашмоқда. Хусусан, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш шаклланмоқда. Ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари жорий этилди.

Шу асосда кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилиб, вақтида ва самарали ҳал этилмоқда. Мамлакатимизда ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда ижтимоий давлат тамойили мустаҳкамланди ҳамда давлатнинг ижтимоий соҳага оид масъулияти ошди. Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлари унинг ярмини ташкил этиб, бугунги кунда бу рақам 64,4 триллион сўмни ташкил этаётир.

Юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шароит яратилмоқда. Ҳозирда болаларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси илгариги 27,7 фоиздан 72 фоизга етди, боғчалар сони эса қарийб 3 марта кўпайиб, 14 мингдан ошди.

Айни чоғда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳри ва ҳудудларда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпаймоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида таълим тизими харажатларига давлат бюджетидан 30,1 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 триллион сўм кўп маблағ йўналтирилди.

Маҳаллаларда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш курсларида минглаб ўғил-қизларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларни эгалламоқда. Эндиликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида сўз борганда хотин-қизларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг соғлиғини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенглик бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда юртимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этувчи хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани биз, аёлларга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодаси бўлди.

Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилиши, магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пули давлат бюджетидан қоплаб берилиши, 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар тавсиянома асосида ўқишга қабул қилиниши ҳамда хотин-қизларга 7 йилга фоизсиз таълим кредити берилиши опа-сингилларимизнинг бахту иқболини кўзлаб яратилаётган шароитларнинг бир қисми, холос.

Бундан ташқари, хотин-қизларнинг ижтимоий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, халқаро стандартларга мувофиқ ижтимоий суғурта орқали ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаб бериш тизими жорий этилди. Ушбу мақсадлар учун жорий йилнинг ўтган даврида хўжалик юритувчи субъектларда ишловчи 7732 нафар аёлга 15,4 миллиард сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўлаб берилди.

Мустақиллик байрами арафасида юртимизда инсон қадрини кўзлаб амалга оширилаётган бу хайрли ишларни бир карра сарҳисоб қилиш, унинг халқимиз, ёшларимиз ҳаётидаги ўрнини таҳлил қилишга чоғланишимиз бежиз эмас. Буларнинг барчаси, аввало, истиқлолимизнинг тақдиримизда тутган ўрнини, аҳамиятини англашга ундайди. Қолаверса, бу хайрли ишлар бардавом бўлиши учун бизни янги мақсадларга руҳлантиради.

Зеро, мамлакатимизнинг эртаси бугундан обод бўлиши, истиқлолимиз бар[1]давом бўлиши учун ҳар биримиз юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан ҳаёт кечиришимиз, тараққиётга хизмат қиладиган янги-янги марраларни кўзлаб яшашимиз лозим. Шундагина халқимиз интилаётган обод Ватан, фаровон жамият барпо этишга мушарраф бўламиз.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Мустақиллик Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш