Ҳар қандай мамлакатнинг қудрати интеллектуал салоҳияти билан белгиланишида муҳим ҳикмат бор. Ҳаммамиз учун азиз бўлган юртимизда таълим ва тарбия масаласига катта эътибор берилаётгани замирида улуғ, эзгу мақсадлар мужассам. Бу борадаги ҳар бир янгилик ва яхшиликни халқимиз юрак-юракдан сезиб турганига аминман.
Таълимда илғор давлатлар илм-фан, техника соҳасида, умумтараққиётда етакчиликни қўлга киритаётгани сир эмас. Шунинг учун ҳам таълим тизимини комплекс ривожлантиришГА, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда.
Куни кеча Президентимиз бошчилигида ўтказилган йиғилишда мактаб таълимини тубдан ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланди. Бутунлай янгича ғоя ва ташаббуслар илгари сурилди.
Замонавий дунёда интеллектуал ва ижтимоий капитал давлатлар тараққиётида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Бундай шароитда замонавий сифатли билим беришга асосланган таълимгина мамлакатнинг рақобатбардошлигини кафолатлай олади. Ушбу жараёнда ностандарт, креатив ва танқидий фикрлаш, юқори интеллектуал салоҳиятга эга мутахассисларга талаб ортади.
Кейинги йилларда педагог ва ўқитувчиларни йиллар давомида ўйлантириб, қийнаб келган кўплаб масалалар Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, чексиз ва самимий меҳри билан оқилона ҳал этилди. Педагогларнинг ҳурмати жойига қўйилди. Ҳам маънан, ҳам ҳуқуқий, ҳам ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимлар яратилди. Кечаги мажлисда ҳам яна кўплаб имкониятлар яратиб берилиши қайд этилди. Бундай янгилик ва яхшиликлардан нафақат ўқитувчилар, балки ҳар бир юртдошимиз хурсанд, мамнун, десак ҳеч муболаға бўлмайди.
Ўқитувчилик табиатан фидойиликни, доимий масъулиятни тақозо этадиган соҳа. Айниқса, барча масалалар босқичма-босқич ҳал этиб берилаётган пайтда ҳар бир педагог бурчимизга қанчалик садоқатли бўла оляпмиз, ёш авлод ўрнак ва ибрат олиши учун қандай маънавий жасорат кўрсатамиз, деб ўзига савол бераётган бўлса керак, албатта.
Замонавий ўқитувчи қандай бўлиши керак? Бу жуда муҳим савол.
Мустақиллик даврида ушбу масала кўплаб олимларнинг, зиёли аҳлининг, ота-оналарнинг диққат-эътиборида бўлди. Ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, дарсликлар яратила бошланди, бу соҳада изланишлар, илмий-тадқиқотлар қизғин давом этмоқда.
Глобал ўзгаришлар, фан-техника ва ахборот-коммуникация технологияларининг кун сайин ривожланиб бориши XXI аср ўқитувчисидан педагогик маҳоратни, ўткир иродани, педагогик-психологик билимларни, ўз фанини чуқур билишни ва юксак тафаккурни, сиёсий саводхонликни, фикрлаш доираси кенг ва мулоҳазали бўлишни талаб қилади.
Ўқитувчи, муаллим, мураббий, умумий қилиб айтганда, педагоглар қандай хислатларга эга бўлиши керак?
Албатта, бу ҳақда кўпчиликнинг ўз фикри, мустақил қараши бор.
Тиббиёт ходими сифатида, фикримизча, у аввало ҳар томонлама соғлом инсон бўлиши лозим. Улуғ Конфуций “Хоҳласангиз, меҳрибон бўлинг, қўлингиздан келса, доно бўлинг, лекин сиз доимо соғлом бўлишингиз шарт”, деб айтган экан. Жорий йил 30 апрель куни халқимиз томонидан маъқулланган янгиланган Конституцияда ҳам ҳар бир фуқаронинг саломатлиги ҳимоя қилиниши ва таълим олиши ҳақидаги кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилди.
Хўш, келажагимиз бунёдкорларига таълим-тарбия бераётган педагогларнинг бугунги саломатлик кўрсаткичлари қандай?
Маълумки, “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасида (давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари учун) педагоглар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиши белгилаб қўйилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 200-буйруғи асосида ҳар йили ўқитувчи-педагоглар тиббий кўрикдан ўтади. Аммо бир неча йилдан бери тиббий кўрик рўйхатига киритилган текширувларнинг баъзилари пуллик асосда (барча фуқароларга) бажарилгани сабабли ўртада зиддият ва тушунмовчиликлар юзага келмоқда эди.
Ҳурматли Президентимиз ушбу муаммога алоҳида эътибор қаратиб, барча педагоглар тиббий кўрикдан, албатта, бепул ўтишлари лозимлигини белгилаб бердилар.
Педагогнинг саломатлиги унга таъсир кўрсатувчи бир қатор омилларга боғлиқ. Улардан асосийлари бу – ҳаёт тарзи, ташқи муҳит, касбий фаолият омиллари таъсиридир.
Агар бизнинг жисмоний ва руҳий саломатлигимиз асосида ижтимоий фаровонлик туришини инобатга олсак, жисмоний саломатлик руҳий саломатликни белгилаши ва улар биргаликда касбий саломатликка асос бўлишини кўрамиз.
Педагоглар ижтимоий фаровонлигининг аҳамияти кун сайин ошиб бориши педагоглар саломатлигини тиклашда янги тиббий-психологик-ижтимоий профилактика йўналишини ривожлантиришни тақозо этмоқда. Педагоглик касбини хавф гуруҳидаги касблар таркибига киритиш мумкин.
Узоқ вақт банд бўлишдан ташқари саломатликка салбий таъсир кўрсатувчи омилларга интенсив нутқ юкламаси, руҳий-асабий толиқиш, кўриш қобилиятининг зўриқиши, кам ҳаракатлилик, синф хоналарида касаллик қўзғатувчилар миқдори ошиб боришини киритиш мумкин.
Хориждаги ўрганишлар натижасида 54 фоиз педагогларда ортиқча вазн борлиги, 70 фоизида эса таянч-ҳаракат тизимида бузилишлар аниқланган. Асаб тизимидаги бузилишлар 10 йиллик фаолиятдан сўнг 35 фоиз педагогларда, 15 йилдан сўнг 40 фоизида, 20 йилдан сўнг эса 50 фоизида аниқланган экан.
Таълим ташкилотлари ходимларини тиббий кўрикдан ўтказишдан мақсад, бир томондан, педагог ходимнинг болалар билан ишлаш имкониятини аниқлаш бўлса, иккинчи томондан, педагогдаги касбий касаллик ёки умумий касалликларни бошланғич ҳолатида аниқлаш ва уларнинг ривожланиб кетишига йўл қўймасликдир.
Адлия вазирлигининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Халқ таълими, Мактабгача ва мактаб таълими, Молия, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилиб белгиланган тартибда ҳукуматга киритилди.
Вазирлик хабарига кўра, Меҳнат кодексининг 214-моддасида иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт бўлган ходимлар рўйхати кўрсатилган ҳамда тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмаслиги белгиланган.
Таҳлилларга кўра, қонунчиликда тиббий кўриклар қайси маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмаганлиги оқибатида умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг бевосита болаларга таълим ва тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари ўзларининг шахсий маблағлари ҳисобидан соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказилаётгани маълум бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ўтказган давра суҳбатида айнан ушбу масалалар соғлиқни сақлаш ва таълим вазирликлари мутасаддилари иштирокида муҳокама қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, республика бўйича мактаблар ва уларнинг филиалларида жами 507321 нафар педагог меҳнат қилади, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотида бу рақам 517573 га тенг, маълумот берилган кунга қадар уларнинг 363154 нафари тиббий кўрикдан ўтказилган. 154416 нафари тиббий кўрикдан ўтмаган. Лекин тиббий кўрикдан ўтган педагогларда қандай касалликлар аниқлангани, уларни даволаш ҳақида етарли маълумот йўқ.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги педагоглар тиббий кўриги учун жами 16097 млн, ундан мактаб ўқитувчилари учун 13617 млн, тарбиячилар учун 2480 млн ажратилди, деб маълумот берган. Лекин маблағлар манбаси, унинг ишлатилиш ҳолати бўйича ахборот тақдим этилмади
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нима учун тиббий кўрик янги ўқув йили олдидан ўтказилади? Уни аввалроқ ўтказиб, таътил даврида педагогни соғломлаштириш мақсадга мувофиқ эмасми?..
Масала бўйича яна бир таклиф бермоқчимиз, мактабларимизда ўқитувчи ва ўқувчи, ўқитувчи ва ўқитувчи, ўқитувчи ва раҳбарият ўртасидаги турли кўринишлардаги зиддиятлар ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун, албатта, ҳар бир педагог психолог маслаҳатидан ўтиши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Вазирлик-идоралар мутасаддилари, соҳалар мутахассислари, фаолларимиз, ота-оналар юқорида келтирилган масалаларда ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан ўртоқлашади, деган умиддамиз.
Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 1.09.2022, №33-34-35