Тараққиётимизга хизмат қилувчи мақсадлар

 

Кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизнинг келгуси етти йил давомидаги ривожи асосий йўналишларини белгилаб бергани билан аҳамиятли. Стратегияда унинг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган. Стратегияни амалга оширишнинг бешта устувор йўналиши бўйича, жумладан, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, маҳалла бюджети тизимини тўлиқ ишга тушириш, давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, сувни ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, республика ҳудудининг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш каби қатор мақсадли кўрсаткичлар бизни фаровонлик сари етаклайди.

Муҳтарам Президентимиз яқинда бўлиб ўтган президентлик сайловидаги сайловолди дастурларида кейинги 7 йилда таълим ва тиббиёт тизимини тубдан ривожлантириш борасида аниқ мақсадли режаларни эълон қилган эди. Айнан дастурда билдирилган ушбу йўналишлардаги фикрлар, режалар, таклифлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида акс эттирилиб, энг биринчи навбатда таълим ва тиббиёт тизимидаги ислоҳотларга асосий эътибор қаратилмоқда. Педагог кадрлар мақомини ошириш, уларнинг билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида минг нафар тарбиячи ва ўқитувчиларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш, бошланғич синф ўқитувчиларининг ўқув юкламасини 16 соат, юқори синф ўқитувчиларига эса 18 соат этиб белгилаш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул мактаб автобусларини йўлга қўйиш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Таълим тизимининг барча босқичларида бошланган ислоҳотлар жадаллик билан давом эттирилиши мақсад қилинмоқда. 2023-2030 йилларда болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади. Бунинг учун 2 мингта янги боғча бунёд этилади. Мактабгача таълим ташкилотлари 100 фоиз тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминланади. Шунингдек, умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастури амалга оширилади. Натижада, 2023/2024 ўқув йилдан бошлаб ҳар йили 500 минг янги қувватлар ташкил этилиб, ўқув ўринлари сони 7,5 миллионга етказилади. 2,5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар қуришга 8 миллиард доллар ажратилади.

Ушбу жараёнларда ўқувчи-ёшларимизнинг олий таълим олишга бўлган интилишларини ҳам тўлақонли қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилади. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси камида 50 фоизга етказилиб, давлат гранти асосидаги қабул параметрлари 2 баробарга оширилади. “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури ва “икки дипломли тизим” жорий қилинади. 5 та олий таълим муассасаси миллий тадқиқот олийгоҳларига айлантирилиб, қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилади.

Қарор билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда, жумладан, мактабларда 1-синфдан компьютер саводхонлиги дарсларини жорий этиш, 5 минг нафаргача профессор-ўқитувчиларни тажриба алмашиш учун, 200 нафаргача ёш олимларни илмий даража олиш учун танлов асосида хорижий илмий ташкилотларга юбориш, Бухоро шаҳрида Жадидлар музейини ташкил қилиш назарда тутилган. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилиши белгиланаётгани ҳам юртимизда инсон қадри биринчи ўринга қўйилаётганининг яққол исботидир.

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминлаш, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилиши белгиланаётгани Ўзбекистонда интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялашга эътибор кучлигидан далолат беради. Ваҳоланки, дунёдаги бугунги мураккаб шароитда ҳамма давлатнинг ҳам таълим соҳасига бу қадар катта эътибор қарата олмаётганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир банди мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз манфаатларига хизмат қилади. Демакки, бу ҳар биримизнинг ҳаётимиз учун жуда муҳим дастур ҳисобланади. Шундай экан бу жараёнларда ҳар бир юртдошимизнинг фаол иштирок этиши муҳим ҳисобланади. Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та йўналиши ва 100 та мақсадлари доирасида мамлакатимизни келгуси етти йилда жадал ривожлантириш орқали дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишига эришиш белгиланган. Унинг рўёби ҳар биримиздан юксак масъулият ва саъй-ҳаракатни талаб этади.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш