Халқимиз манфаатларини кўзлаган дастур

 

Кейинги йилларда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган истиқболли дастурларнинг қабул қилиниши халқимиз фаровонлигини оширишга, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Аввалига бешта устувор йўналишни ўз ичига олган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Бунда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олинди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 мингдан зиёд Фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми сифатида Ўзбекистоннинг яна бир истиқболли дастури, Давлат инсон учун деган тамойилни илгари сурувчи, халқчил, тарихий ҳужжат – 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Ушбу дастурда белгиланган барча ислоҳотлар аввало инсон манфаатларига хизмат қилиши белгилаб берилди. Яқинда яна бир муҳим воқелик - мамлакатимизнинг келгуси 7 йилда асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари эълон қилинди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган бўлиб, бешта йўналиш ва 100 мақсаддан иборат. Аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, шу жумладан сув ресурсларини тежаш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш бўйича ислоҳотлар ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий йўналишлари ҳисобланади. Аниқроқ айтганда, мазкур стратегиянинг 5 та устувор йўналиши қиёсий олиб қараганда, жами 44 та мақсади ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шарт-шароит яратиш, 17 та мақсади барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, 12 та мақсади сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, 16 та мақсади қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, 11 та мақсади мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттиришга қаратилган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси 100 та мақсадни, хусусан, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, сувни ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, республика ҳудудининг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш каби қатор кўрсаткичларни ўз ичига қамраб олган. Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифалар, Барқарор ривожланиш миллий мақсадларини амалга ошириш учун ўзига хос “йўл харитаси” вазифасини ўтайди.

Стратегияга кўра, қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш орқали сувнинг маҳсулдорлиги оширилади. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали 1 метр куб ҳажмдаги сув билан суғорилган ер майдонидан 3,7 доллар миқдорида даромад олишга эришилади.

Сувдан самарали фойдаланишда замонавий бошқарув тизимининг ҳам ўрни беқиёс. Шу боис 2030 йилгача камида 100 та йирик сув хўжалиги объектида автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш, ирригация соҳасига хусусий секторни жалб этиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий қилиш ҳисобига хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсад қилинган.

Соҳага бу қадар жиддий эътибор берилаётгани бежизга эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича баёнотига кўра, 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилади. Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра, 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор.

Эътиборли жиҳати Марказий Осиёда сувнинг 80 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилади. Шу боис, Ўзбекистонда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Президенти халқаро даражадаги тадбирлар ва минбарларда бир неча бор вужудга келиши мумкин бўлган сув танқислигини ҳамда экологик муаммоларни биргаликда ҳал этишга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари суриб келмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бешта устувор йўналишининг учинчиси ҳам айнан Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган мақсадларни ўзида жамлаган. Хусусан, стратегия лойиҳасида сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, барча экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга, ички суғориш тармоқларининг 50 фоизини ёпиқ қувурли суғориш тизимларига ўтказиш мақсад қилинган. Шунингдек, сув етказиш тизимига илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий қилган ҳолда тупроқ қопламали каналларни бетон қопламага ўтказиш бўйича етти йиллик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, узоқ муддатга мўлжалланган республиканинг сув ресурслари балансини ишлаб чиқиш ва унинг устидан доимий мониторинг ўрнатиш тизими жорий қилинади.

Сир эмаски, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган сувларнинг асосий қисми қўшни давлатлар орқали кириб келади. Шу боис, стратегияда қўшни давлатлар билан сув ресурслари ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол икки томонлама манфаатли ҳамкорлик давом эттирилиши белгиланган. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш орқали сувнинг маҳсулдорлиги оширилади.

Умуман олганда, мамлакатимизни келгуси етти йилда ривожлантиришга қаратилган стратегия доирасида, глобал даражадаги экологик муаммолар таъсирини ўз вақтида бартараф этиш ва қишлоқ хўжалиги бошқаруви самарадорлигини ошириш орқали аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш