Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона, Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларига ташрифлари мобайнида ўтказилган йиғилишларда белгилаб берилган кенг кўламли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокидаги ишчи гуруҳлар жойларда бўлиб, депутатлик ва парламент назоратини амалга ошириш мақсадида қатор ўрганишлар олиб бормоқда. Халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси билан боғлиқ масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, зарурий чоралар белгилаб олинмоқда.
Бугун халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан 2023 йил давомида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, янги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, шу жумладан, энергияни тежовчи технологиялардан фойдаланиш, энергия самарадорлиги таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, туманда тиббиёт бирлашмаси томонидан 2023-йил ярим йиллиги якуни бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Оқдарё туман ҳокими, туман прокурори, туман ички ишлар бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиқларининг ҳисоботлари тингланди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар биринчи навбатда инсон қадрини улуғлаш, унинг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан энг чекка ҳудудларда ҳам қулай меҳнат шароитларини яратиш, фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва асраш, янги иш ўринларини ташкил этишда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Бу борада Оқдарё туманида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг ўтган даврида туманни “ишсизликдан ва камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш” мақсадида 19101 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида ҳоким ёрдамчилари кўмагида 841 нафар ишсиз фуқаролар “Ишга марҳамат” мономаркази ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида касбга ўқитилмоқда.
Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, 2023-2024-йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, объектларда қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатиш ҳамда иқтисод қилинган энергия ресурсларини истеъмолчиларга, биринчи навбатда, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда тумандаги 36 мингта газлашган хонадонларнинг 12 минг 300 таси (34,2 фоизи) табиий газ ва 23 минг 700 таси (65,8 фоизи) суюлтирилган газ билан таъминланган. Аммо табиий газ таъминотида 1,0 млн. метр куб, электр энергияси таъминотида 12,6 млн. кВт/соат дефицит мавжуд.
Сессияда йўл қўйилаётган сусткашлик ва камчиликлар таҳлил қилинди. Хусусан, ўтган давр мобайнида туман ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида бир қатор тезкор профилактик ишлар амалга оширилишига қарамасдан камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Умумий жиноятлар 26,2 фоизга ошган. Содир этилган жиноятларнинг 20,8 фоизини маҳалла ҳудудида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил қилмоқда. Жиноятларни камайтириш ва олдини олиш учун профилактика инспекторларининг масъулиятини кучайтириш, жиноятларни ўз вақтида фош этиш борасидаги суриштирувлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, газ ва электр таъминотидаги дефицитларни қоплаш учун хонадонларга замонавий горелкалар ўрнатиш, ижтимоий соҳа объектларини табиий газдан кўмирга ўтказиш ишларини жадаллаштириш масалаларига урғу берилди.
Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов иштирок этди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталди. 5 та асосий ғоя бўйича 100 та мақсадни ўз ичига олган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси келгуси 7 йил давомида амалга ошириладиган аниқ режалар билан аҳамиятли экани таъкидланди.
Сессияда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.