Глобал муаммолар биргаликда бартараф этилиши лозим

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тожикистонда ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги, бешинчи Маслаҳат учрашувида Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланаётганлигини, минтақамиз Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олаётганини таъкидлади. Президент иқтисодий, экологик ва гуманитар соҳаларда қатор ташаббусларни ҳам илгари сурди.

Эътиборлиси, давлатимиз раҳбари нутқида минтақада иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, келгуси йил Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро форум ўтказилиши қайд этилиб, ушбу анжуманда минтақа мамлакатлари делегациялари фаол иштирок этиш учун таклиф этилди. Форум якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” деб номланган резолюцияси лойиҳаси тайёрланиши маълум қилинди.

Дарҳақиқат, иқлим ўзгаришига қарши тезкор чора-тадбирлар мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш двигателига айланиши мумкин. Кейинги йилларда Марказий Осиё давлатларида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари минтақада сув мавжудлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатларимизда қор ёғиши камайгани озиқ-овқат хавфсизлиги ва энергия ишлаб чиқаришда сувнинг мавжудлигига салбий таъсир кўрсатиб, чўлланиш ва тупроқ деградациясини тезлаштирмоқда ва биологик хилма-хилликни камайтирмоқда.

Жаҳон банкининг 2021 йилда чоп этилган Groundswell (“Тўққизинчи тўлқин”) ҳисоботида қайд этилган башоратга кўра, 2050 йилга келиб, иқлим ўзгариши дунёнинг олти минтақасидаги 216 миллион кишини ўз мамлакатларининг бошқа қисмларига кўчишга мажбур қилиши мумкин.

Бу эса яқин истиқболда иқлимдаги ўзгаришларга нисбатан амалга оширилаётган глобал чораларни янада кучайтиришни, бунинг учун минтақадаги мамлакатларда иқлим ўзгаришига оид муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган илмий-тадқиқотлар, ишланмалар ва интеллектуал фаолиятларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришни тақозо этади.  Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва метан чиқиндиларини камайтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш ҳам иқлим ўзгаришининг оқибатларини юмшатишга хизмат қилади.

Президентимиз минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этиш таклифини илгари сурганлари бежиз эмас.

Хулоса қилиб айтганда, иқлим ўзгариши биргина давлатда  учраётган муаммо эмас, уни бир мамлакат доирасида ҳал этиб ҳам бўлмайди. Кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантирсак, бу жараёнга илмий асосланган ҳолда ёндаша олсак, кутиладиган натижа сари залворли қадам қўйган бўламиз.

 

Зулайҳо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш