Яқинда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аҳолига етказиб берилаётган 1 kwh электр энергиясининг таннархи 800 сўмдан ошиққа тушаётганини таъкидлаган эди. Бунга импортдан келтириладиган технологик ускуналар ҳамда бошқа маҳсулотларнинг нархи ошиб бораётгани сабаб қилиб кўрсатилган. Шунга қарамай, аҳолига 295 сўм, юридик шахсларга 450 сўмдан нарх белгиланган. Демак, тадбиркорларга ҳам Давлат бюджетидан субсидияланган электр энергияси етказиляпти.
Келтирилган асослардан нархларни оширишга зарурат нафақат борлиги, балки юқорилигини англаш қийин эмас. Яъни, электр энергия учун ҳақ тўлаш бўйича режалаштирилаётган ўзгаришни нархнинг ошиши эмас, узоқ йилдан бери кечиктириб келинаётган вазифанинг бажарилиши, деб тушуниш тўғрироқ бўларди.
Анвар ТЕМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
– Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш динамикаси барқарорлашди. Ушбу тенденция аҳоли турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бошқа томондан бу икки омил электр энергияси истеъмолининг муттасил равишда ортишига сабаб бўляпти.
Нарх шаклланишининг бозор механизмлари йўқлиги туфайли давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур бўляпти. Бир киловатт-соат электр энергиясининг таннархи – 970 сўм. Демак, бир ойда ўртача 200 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия бермоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.
Худди шундай, 1 кубометр газ таннархи 1890 сўм бўлса, иситиш мавсумида 750 кубометр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги газ истеъмолчиларининг жами сони 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади.
Бугун аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ субсидия ажратилмоқда. Бу бир йилда ўртача 1,15 миллиард АҚШ доллари энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти, дегани.
Соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни Давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти. Натижада тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган тафовутни қоплашга сарфланмоқда. Мамлакатимиз дунё миқёсида энергетикага энг кўп субсидия ажратадиган давлатлар қаторида туради.
Бироқ сунъий ушлаб турилган паст нархлар соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишига тўсқинлик қилади. Демак, нархларни тўлиқ субсидиялаш ўрнига соҳага бозор тамойилларини жорий этиш, истеъмол қилинган энергия учун бозор талабларидан келиб чиқиб, ҳақ тўланиши муҳимдир.
Агар соҳага бозор қонунлари жорий қилинса, тизим тўғри ишлашни бошлайди. Бюджет маблағини нотўғри тизимга эмас, янги мактаблар, тиббиёт муассасалари қурилиши каби одамларга аниқ фойдаси тегадиган ишларга, энергетика тизимини чуқур модернизация қилишга сарфлаш мумкин.
Аброр ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:
— Маълумки, юртимизда субсидияланган тизим амал қилади. Яъни, ким қанча электр энергияси ишлатса ҳам, унинг ўртача 40 фоизи бюджетдан қопланади. Масалан, кимдир ойига 1 миллион сўмлик электр энергия истеъмол қилса, бунинг 40 фоизи ёки 400 минг, 100 минг сўмлик электр сарфлаганга 40 минг сўм давлат ҳисобидан қопланади. Ким қанча кўп электр энергиясидан фойдаланса, шунча кўп пул оляпти.
Таҳлилларга кўра, аҳоли томонидан электр ҳамда газ истеъмоли бир хил эмас ва номутаносиблик юзага келган. Хусусан, ойига 200 кВт. соатгача сарфлайдиган хонадонлар истеъмолчиларнинг 80 фоизини ва умумий истеъмолнинг ярмини, 20 фоизи қолган ярмини ташкил қилиши маълум бўлди. Бу, соддароқ айтсак, 5 киши учун мўлжалланган овқатнинг ярмини 4 киши, қолганини эса бир киши егани билан баробар. Худди шундай ҳолат табиий газ таъминотида ҳам кузатилади.
Дунёда аллақачон мавжуд тизимни Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш вақти келди. Чунки энергия манбаларини тежаш, улардан самарали фойдаланиш, тизимдаги муаммоларни бартараф этиш учун ислоҳотларга эҳтиёж бор.
Бир неча йилдан буён электр энергиясининг нархи оширилмай келаяпти. Ваҳоланки, уни ишлаб чиқариш, сотиб олиш ва етказиб беришдаги нархлар анча қимматлашган. Пандемия ва унинг кетидан келган турли муаммолар сабаб нархлар кўтарилмади. Агар ҳар йили кам-камдан оширилганда ҳам бугунги нархдан 1,5-2 баробар қимматроқ кўрсаткичга келган бўлар эди.
Менимча, ҳар қандай ўзгариш вазиятни очиқ айтиш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш орқали бўлиши керак. Нарх ва тарифларда ўзгариш қилинадиган бўлса, мутасадди ташкилотлар таъминотда кутилмаган ва узоқ муддатли узилишлар бўлмаслигига кафолат бериб, қатъий мажбурият олиши зарур.
Энергия манбаларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги нархларнинг очиқ-ойдин маълум қилиниши шубҳаларга чек қўяди. Инсон истеъмол қилаётган маҳсулоти ёки фойдаланаётган хизматининг асл нархини билса, ундан кам пул тўлаш учун оёқ тираб олмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам, ҳар бир масала очиқланиши, рақамлар кўрсатилиши тарафдориман.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 20.09.2022, №37