«ИСЛОМ КАРИМОВ — ИСТИҚЛОЛ МЕЪМОРИ»

 

Айни кунларда республикамиз бўйлаб Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 82 йиллиги кенг нишонланмоқда. Барча ташкилотлар маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, хотира кечалари ўтказмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Тошкент шаҳар партия кенгаши томонидан «Ислом Каримов — истиқлол меъмори» мавзусида маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди. збекистон ХДП Марказий Кенгаши ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Дастлаб Ислом Каримов ҳақида 15 дақиқалик видеоролик намойиш қилинди.

Сўзга чиққанлар Ислом Каримовнинг Президент сифатидаги бутун ҳаёти ва фаолиятини юртимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадга бағишлаганини таъкидлашди.

Қайд этилдики, собиқ мустабид тузум даврида — миллий қадриятларимиз, муқаддас динимиз, азалий анъаналаримиз аёвсиз топталган ўша даврларда мустақиллик, урф-одатлар, диний қадриятларимиз ҳақида очиқ-ошкора гапириш — катта маънавий жасорат эди. Мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов халқимизнинг тарихий орзу-умидларини рўёбга чиқарди.

– Маълумки, мустақилликка эришган ҳар қандай давлат ўзининг парламентини шакллантиришга, шу орқали фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини таъминлашга, халқнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратади, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов. – Бу демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Юртимизда парламент фаолиятини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар тизимида икки палатали парламентга ўтиш билан боғлиқ ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Икки палатали парламентни ташкил этиш ғояси, таклифи Биринчи Президентимиз томонидан илгари сурилди.

Хусусан, 2000 йил 25 май куни бўлиб ўтган Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи сессиясида Ислом Каримов 2004 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда парламентнинг икки палатали қилиб ташкил этилиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида, халқимиз қалбида мангу қолади. У киши бошлаб берган эзгу ишларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев юқори босқичларга олиб чиқиб, муносиб давом эттираётгани, албатта, барчамизни қувонтиради, дейишди сўзга чиққанлар.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов, сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков ҳамда журналистлар томонидан Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли, унинг сиёсий фаолияти, бой тарихимиз, бебаҳо меросимизни асраб-авайлаш, атрофлича ўрганиш ва тадқиқ этиш, аждодларимизнинг муносиб авлоди сифатида анъаналарни давом эттириш, ёшларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялаш йўлида олиб борган ишлари ҳақида маърузалар қилинди.

Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган Ислом Каримов қалбларда абадий қолиши ва келажак авлодлар хотирасида мустақиллик, тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси сифатида мангу яшаши айтиб ўтилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш