Ҳар бир инсон дунёда катта умидлар билан яшайди. Шинам уй-жойим бўлса, ён-атрофимда қулай шароит, бекаму кўст муҳит ҳукм сурса, жамиятга, давлатга, оиламга, дўсту ёрларга, маҳалла-кўйга фойдам тегса”, дейди.
Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун муносиб шароит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ўтган даврда барча соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар қуруқ рақамларда эмас, балки аҳолининг кундалик ҳаёти, рўзғорида, дастурхонида ўз аксини топмоқда. Агар юртимизда яшаётган оилалар ҳаётини шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, охирги етти йилда қандай салмоқли натижаларга эришганимиз аён бўлади.
Айниқса, мамлакатимизда ижтимоий тенгликни мувофиқлаштириш, камбағал, ночор оилаларнинг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий этилгани жуда содда, самарали усул экани аллақачон исботланди.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробар, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш, меҳнатга лаёқатли аҳолини, шу жумладан ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни барқарор ва самарали бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш мақсад қилинган. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғояларига уйғун ва ҳамоҳангдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари суриб, юртимизда олиб борилаётган шиддатли ислоҳотларга алоҳида тўхталди.
Хусусан, халқимизнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайгани, 2030 йилгача уни 7 фоизга туширишни режа қилингани, аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини бир неча бор оширилиши қайд этилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббус қўллаб-қувватланиб, унинг доирасида юртимизда тажриба алмашиш учун 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини ўтказиш таклифи илгари сурилдики, буни жуда муҳим ташаббус, деб биламиз.
Умуман олганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жаҳон иқтисодиётининг барқарор ўсиши секинлашган ҳозирги мураккаб геосиёсий даврда аниқ-равшан ижобий натижаларга олиб келишига ишонамиз. Зотан, улар глобал ташкилотнинг юксак мақсадларига, жумладан, сайёрамизда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш бўйича Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.