Хавфсизлик тинчлик ва барқарорлик кафолати

 

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамлеяси 78-сессияси доирасидаги нутқи ва унда илгари сурилган ташаббуслар ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Унда Ўзбекистон олиб борадиган ташқи сиёсат, қўшни мамлакатлар билан муносабатлар ва хавфсизлик масалалари ҳам қамраб олинди. Эътиборлиси, кўтарилган таклиф ва ташаббусларнинг барчаси 75 миллиондан зиёд аҳолиси бўлган бутун минтақа тақдирига дахлдор, десак янглишмаган бўламиз.

Қўшнини танлаб бўлмайди. Бу — ҳаётий ҳақиқат. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам қўшнилар билан тил топишиш, улар билан дўстона муносабатни йўлга қўйиш жуда муҳим ва зарур. Бундай эзгу мақсад “Янги Ўзбекистон -2030” стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини, яъни «фаровонлик камари»ни шакллантириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари нутқида ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиё яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан бораётганлиги, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон барча қўшнилари билан давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлингани айтилди.

Аммо минтақавий ва халқаро хавфсизлик масаласи ҳақида сўз кетар экан, минтақамиз тинчлиги ва барқарорлиги кўп жиҳатдан Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз зарур. Президентимиз таъбири билан айтганда, ушбу мамлакатда янги вазият вужудга келган бўлиб, у афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувларни талаб этмоқда. Афғонистонни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш – бу катта хато бўлади. Аниқроқ айтганда, инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштиради. Шу сабабли, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик керак. Боз устига, Афғонистоннинг 10 миллиардан зиёд музлатилган халқаро активларини ечиш, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш вақти келди. Давлатимиз раҳбари бу борада мақбул механизмларни ишлаб чиқишга даъват этгани бежиз эмас. Чунки бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак. Ушбу нуфузли минбардан туриб, Президентимиз дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга, бу йўлда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилаш таклифини билдирди.

Минтақамизда хавфсизликни таъминлашнинг яна бир йўли экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни кучайтиришни тақозо этади. 2022 йил март ойида Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши глобал стратегиясини Марказий Осиёда амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилингани бу йўлдаги муҳим қадам бўлди. Ўзбекистоннинг экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича ўз Миллий стратегияси бор. У ҳам бўлса, илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлидир. Хусусан, экстремизм ғояларига адашиб кириб қолган, қилган ишидан пушаймон бўлганлар авф этилди, беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссияси ўтказилди. Унинг доирасида 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болалар Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли низолар ҳудудларидан юртимизга қайтарилди. Уларнинг барчасига тиббий, психологик, ижтимоий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Ўзбекистон томони бу йўналишдаги ҳаракатларни давом эттириш ва доимий тажриба алмашишни йўлга қўйиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида уруш ҳудудларидан қайтганлар билан тизимли ишлаш бўйича Минтақавий экспертлар кенгашини тузишга қаратилган амалий қадамларни ташлади. Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларни халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда янада бирлашиб, ҳаракат қилишга чақирди.

Хавфсизлик масаласида яна бир ўринли таклиф билдирилди. Гап шундаки, сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатлари кўпайиб кетди. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқ. Шунинг учун Президентимиз Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қилди. Нима учун? Чунки ўлкамиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани. Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик, тинчликпарвар моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Хулоса ўрнида айтганда, Президентимиз нутқида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг амалга ошиши минтақамизда ва глобал миқёсда мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка, хавфсизликка эришишнинг ягона йўлидир. Ўзбекистон шу йўлда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга интилаётгани сабаби ҳам шунда.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш