Битта барқарор иш ўрни бир инсон ҳаётини ўзгартиради

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида кўтарилган ҳар бир масала, қўйилган ҳар бир вазифа, уларнинг аҳамияти ҳақида узоқ гапириш мумкин. Мурожаатномани яна бир бор тинглаб, унинг матнини қунт билан ўқиган одам олдимизда қанчадан-қанча муҳим, айни пайтда, машаққатли вазифалар турганини англайди, ҳис этади.

Дарҳақиқат, давлат раҳбари кун тартибига қўйган қайси бир вазифани олмайлик, ҳаммаси долзарб, уларнинг қайси биридир ўз вақтида бажарилмай қолиши иқтисодиётимизга, бугун бўлмаса эртага сиз билан бизнинг, фарзандларимиз ёки набираларимизнинг ҳаётига салбий таъсир қилади.

Таълимми, тиббиётми, иқтисодиёт-молия ёки маърифатми, ҳаммаси барчамиз учун аҳамиятли. Шунинг учун ишлаётган соҳа ёки тармоғимиздан қатъи назар, давлат ва жамият олдига қўйилган ғоя ва вазифаларни рўёбга чиқариш учун жипслашиб ҳаракат қилишимиз зарур.

Мени Халқ демократик партиясидан сайланган депутат сифатида айниқса бир масала чуқур ўйга толдирди. Маълумки, бу йил Ҳукумат зиммасига 500 мингта иш ўрни яратиш вазифаси юклатилди. Дунё иқтисодиётидаги, шунингдек мамлакатимиздаги ўзига хос вазиятни ҳисобга олиб, фикр юритсак, бунча иш ўрни яратиш, уларнинг барқарорлигини сақлаб қолиш осон масала эмаслиги яққол сезилади.

Мамлакатимизда иш кучи кўп, аҳоли даромадлари кўнгилдагидек эмас, демак, янги иш ўринлари очишга, ҳаракатчан кишиларга халақит бермай, аксинча, уларга ёрдамлашишга мажбурмиз. Бу йўлда кимнинг зиммасида қандай вазифа бўлса, тез ва сифатли бажариши зарур. Чунки ишсиз аҳоли кўпайган давлатда илм ҳам, маърифат ҳам, рақамли иқтисодиёт ҳам ривожланиши қийин.

Олий Мажлисда янгидан тасдиқланган Ҳукумат яқин истиқболда мамлакатимизда ишсизликни 7 фоизгача камайтириб, йилига камида 500 мингта иш ўрни яратиши, аҳоли даромадини 2 баравар ошириши кутиляпти. Биз, парламент аъзолари мана шу рақамларга эришилиши учун халқ вакиллари сифатида халқимиз олдида масъулмиз.

Айниқса, Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси бу масалада қайсар ва муросасиз бўлиши керак, деб ўйлайман. Нимага десангиз, режалаштирилган, манбаси ва имконияти аниқ бўлган битта иш ўрни кимнингдир сусткашлиги билан очилмай қолган ҳолатда мутасаддиларга нисбатан муроса қилишга ўрин йўқ бўлиши зарур. Парламент вазирдан қаттиқ сўрамаса, эртага сайловчилар унинг ўзидан қаттиқ сўрайди. Жамоатчилик эртага кўпроқ парламентни сусткашликда, муросагўйликда айблаши мумкин. Ва бу мантиқан тўғри бўлади, чунки парламент ҳукуматдан кўра халққа яқин бўлиши шарт. Акс ҳолда, у ўзининг мазмуни ва моҳиятини бутунлай йўқотиб қўяди, умидсиз тузилмага айланиб қолади.

Халқ демократик партияси давлат раҳбарининг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳукумат олдига қўйган вазифасини қўллаб-қувватлайди. Биз, парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги 1600 нафар депутатларимизнинг кучи билан  режага киритилган иш ўринлари вақтида очилиши ва улар барқарор бўлиши учун курашиш масъулиятини зиммамизга олишимиз шарт. 

Улуғбек ВАФАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси,

партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари

← Рўйхатга қайтиш