Маҳалла ҳақида сўз кетганда, ҳар бир инсоннинг ўзи истиқомат қилаётган маҳалласи, ундаги ўзгаришлар, яратилаётган шароитлар кўз олдида намоён бўлади. Ижтимоий-иқтисодий дастурлар аҳоли талабидан келиб чиқиб, амалга оширилиб келинмоқда. Узоққа бормаймиз, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат «бешлик тизими» самарали ташкил этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда маҳалладаги «бешлик тизими»даги қатор камчиликлар таҳлил қилиниб, тизимни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш юзасидан янги ёндашувлар кўриб чиқилди. Шу қаторда маҳалла бошқарувига солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими қўшилиб, «маҳалла еттилиги» бўлиши белгиланди.
Йиғилишда эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби бир қатор 70 дан ортиқ масалалар туман ва вилоят идораларига мурожаат қилинмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал этилиши маълум қилинди. Аҳолининг оғирини енгил қилиш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида маҳаллада қулай ва электрон иш юритиш йўлга қўйилади. «Маҳалла еттилиги» ишини мувофиқлаштиришда маҳалла раисларининг ваколатлари кенгайтирилади.
«Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳам устувор вазифа сифатида қараляпти. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари «Аёллар дафтари»га киритилган ва уй-жойини таъмирлашга муҳтож, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини тизимли равишда таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Бунда ҳар бир уй-жойни таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджет прогнозининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 50 бараваригача миқдорда маблағ ажратилган. Бу рўйхатдаги хотин-қизлар 6 хил йўналишда қўллаб-қувватланяпти. Ушбу тизим орқали қанча аёлларимизга ҳуқуқий тушунчалар ва амалий ёрдамлар берилиб, мушкули осон бўлмоқда.
Шу қаторда «Ёшлар дафтари» ҳам муҳим дафтар ҳисобланиб, эртанги кунимиз эгалари - ёшларнинг доим изланиш ва интилишда бўлишларини қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилмоқда. Таъкидлаш керакки, сўнгги етти йил ичида юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, чин етим ва ногиронлиги бўлган ёшларга манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янги тизимли ишлар амалга оширилди. Ушбу дафтарга 360436 та онлайн мурожаат келиб тушган, шундан ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 340440 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилиб, қолганларига амалий ёрдам кўрсатилган.
Албатта, бу сонларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Негаки, ўзгармаган, ўз натижасини бермаган дастур йўқ, ҳамиша янгича имкониятлар ва комплекс ёндашувлар эшиги очиқ. Албатта, барча тизимлар босқичма-бочқич ўзгартирилиб, янгича қарашлар билан ривожлантириляпти. Маҳалла, оила, жамиятнинг ажралмас муҳим бўғини экан, унинг мустаҳкамлиги, ривожланиши учун ҳаммамиз масъулмиз.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.