Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган. Ўқитувчи қалбларга яхшилик, эзгулик, комиллик олиб кирувчи файзли шахсдир. Устозларимиз ёшларга илм, билим бериш билан бир қаторда баркамоллик сари етаклайди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида адабий-бадиий байрам тадбири ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳлари аъзолари, Халқ таълими вазирлиги масъуллари, Тошкент шаҳри ва вилоятидан самарали фаолият юритаётган ўқитувчи ва педагоглар қатнашди.
Тадбир аввалида кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ёш авлодга таълим бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ва бу борада аниқ мақсадлар белгилаб олингани, педагогларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга катта эътибор қаратилаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари У.Иноятов машаққатли ва шарафли касб эгаларининг билимли, ҳар томонлама етук авлодни тарбиялашдаги фидокорона меҳнатини эътироф этиб, устоз ва мураббийларни касб байрами билан самимий табриклади.
Байрам тадбирида бир гуруҳ фидойи ва фаол педагогларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Муқимий театр ижодий жамоаси репертуаридан намойиш этилган “Ёшлик соғинчи” ретро концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати.