Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медия марказида “Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Жиззах вилояти Кенгаши, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, Энергетика вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда партия фаоллари, ёшлар иштирок этган тадбирни партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова кириш сўзи билан очиб берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳам мазкур ишларнинг амалий ифодаси бўлиб, унинг мазмун-моҳияти, ушбу қарор амалиётга тўғри татбиқ этилса, фуқаролар, оддий аҳоли вакилларининг ҳаётида қандай ўрин тутиши мумкинлиги тўғрисида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов сўзлаб берди.
- Қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш энергия билан ишончли таъминлаб, энергия етказиб беришдаги йўқотишларни анча камайтирган ҳолда, олис аҳоли пунктларини энергия тизимига улаш учун узоқ масофали электр узатиш линияларини барпо этиш заруратидан қутулишга ёрдам беради. Айни пайтда мамлакат энергетика балансида фақат кичик гидроэлектр станциялар томонидан ишлаб чиқарилаётган кам миқдордаги қайта тикланадиган энергия улуши бор. Ҳозирча аҳоли қайта тикланадиган энергия манбалари тўғрисида етарлича маълумотга эга эмас, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишга доир илмий ва амалий тажриба етишмайди, - деди Боймурат Юсупов.
Давра суҳбатида муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг зарурати ва фойдаларини аҳолига кенг тушунтириш, аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатишни депутатлик назоратига олишда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан Жиззах вилоятидаги ўрганишлар якунлари муҳокама қилинди.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати, ЎзХДП вилоят Кенгаши раиси Нуриддин Холматовнинг таъкидлашича, ҳозирги кунга қадар вилоятда режадаги 1111 та аҳоли хонадонларига ўрнатилиши лозим бўлган қуввати 6,00 мВтли қуёш панеллари, амалда 1203 хонадонга, хонадон эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда қуввати 2,975 мВтли қуёш панеллари ўрнатилиб, сон жиҳатдан режа 108 фоизга бажарилган бўлса, электор қуввати бўйича режа амалда 49.6 фоизга бажарилган.
Худди шундай ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига ўрнатилиши кўзда тутилган қуёш панеллари объектлар сони бўйича режа 498 тадан 332 тага, яъни 66 фоизга бажарилган бўлиб, қуёш панеллари қуввати бўйича 5.0 мВт дан 5.214 мВтга яъни 104.3 фоизга бажарилган.
Қарор ижроси юзасидан Жиззах вилоятида икки йўналишда амалга оширилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди. Тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларида режа бўйича ўрнатилиши лозим бўлган 750 та қуёш панеллари ўрнига 579 та (77%) ўрнатилиб, электр қуввати 15.0 мВт ўрнига 6.25 мВт таъминланган (41.7%га бажарилган). Вилоятда маҳаллий тадбиркорлар томонидан барпо этилиши лозим бўлган 13 та кичик ҳажмдаги ФЭСларидан биронтаси амалда ташкил этилмаган.
Давра суҳбатида бу каби муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари мутахассислар, депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Уларнинг ечими юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилишда шунингдек, ҳудудларда аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури ижроси ҳамда 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш режасининг бажарилиши юзасидан тегишли ташкилотларнинг маърузалари тингланди.