Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш тартибини киритиш таклиф этилмоқда. Шунда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда. Шу билан бирга, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.
Депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар биринчи навбатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалиётга тўғри жорий этишга хизмат қилиши ва бу орқали қатор қонунчилик меъёрлари мувофиқлаштирилишини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асослари яратилиши алоҳида қайд этилди. Мажоритар-пропорционал шакл тизимига ўтиш давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга хизмат қилади. Таклиф ва фикр-мулоҳазалардан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
3
Йиғилишда шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нормаларини сўзсиз ва тўлиқ амалга оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилиб, қўллаб-қувватланди.