Ёшлар тақдирига ҳар биримиз масъулмиз!

 

Халқ демократик партияси Андижон вилоят кенгаши томонидан Андижон давлат университетида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда дастлаб давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Йигит-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг илмга интилишини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш масаласи ўртага ташланди.

— Ёшлар тақдирига барчамиз масъул эканимизни ёддан чиқармаслик керак, — деди вилоят партия кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов. — Уларнинг ўй-ташвишларини ўзимизники, деб билишимиз, ишимизни шунга қараб ташкил этишимиз лозим, деб ўйлайман. 

Жалақудуқ тумани 18-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Нилуфар Хурхонова Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар айнан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастури билан чамбарчас боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унда қатор долзарб иқтисодий ислоҳотлар билан бирга аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадларини ошириш, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва қайта кўриб чиқиб, уни тўла ислоҳ қилиш, илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш муҳимлигига эътибор қаратилганини қайд этди. Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси фаоллари ва депутатлик гуруҳлари Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижроси учун белни маҳкам боғлаб курашиши керак, дейишди сўзга чиққанлар.

Очиқ мулоқот давомида партия фаоллари, депутатлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари ёшлар билан уларни ўйлантираётган муаммолар ҳақида самимий суҳбат қуришди. Йигит-қизларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди. 

Тадбир якунида уюшмаган ёшлар ижтимоий қатламини ўрганиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва бандлигини таъминлашни замон талаблари асосида ташкил этиш, бу борада олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этиш муҳим масала экани таъкидланди. Бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини такомиллаштириш ташаббуслари илгари сурилди. Бу борадаги муаммоли вазиятларни ҳал этиш юзасидан фикрлар билдирилди, таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, тадбир давомида партия ташаббуси билан З.М.Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан китоб ярмаркаси ва бандлик бош бошқармаси Андижон шаҳар бўлими томонидан меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Меҳнат ярмаркасида 7 нафар уюшмаган ёшларнинг бандлиги таъминланди.

 

Сардорбек ҚОСИМОВ,

Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят Кенгаши

Матбуот котиби.

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш