Биз уларнинг тақдирига бефарақ эмасмиз!

 

Юртимизда турли сабабларга кўра, ота ёки она меҳри, оила бағри армонга айланган ўғил-қизларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда ўксимай вояга етиши, билим олиши, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш давлат ва жамиятимиз эътиборида турибди.

Меҳрибонлик уйимизда ҳозирги пайтда 100 дан зиёд ўғил-қиз тарбияланмоқда. Бу ерда уларнинг яхши яшаши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароитлар яратилган. Улар айни пайтда муассасамиз яқинида жойлашган ўрта мактабда оила бағрида ўсаётган тенгқурлари билан бирга таълим олишмоқда. Барчаси илмга чанқоқ. Улар орасида спорт билан шуғулланиб, вилоят ва республика мусобақаларида совриндор бўлганлар бор.

Мактабни битиргач, тарбияланувчиларимизнинг бир қисми берилган имтиёзлардан фойдаланиб, олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Коллежларда касб эгаллаб, ишлаётганлари ҳам анчагина.

Собиқ тарбияланувчилар бизга меҳрли. Улар, опажон, онамиз ўрнида оналик қилган сиз азизларни соғиндик, дея муассасамизга ташриф буюришади. Шундай пайтларда бошимиз осмонга етади.

Табиийки, улардан ҳол-аҳвол сўраймиз. Суҳбат асносида маълум бўладики, айримлари иш топишда қийналишган, баъзиларининг турар жой шароити ҳам яхши эмас.

Хуллас, уларнинг муассасамиздан кейинги тўлақонли ижтимоий ҳимояси ечим кутмоқда.

Президентимиз Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ёшларга ғамхўрлик масаласи, Меҳрибонлик уйлари собиқ тарбияланувчиларининг ижтимоий ҳимояси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Бундан жуда мамнун бўлдим. Ахир, бизларга фарзанддек азиз бўлган йигит-қизлар иш ўрни, уй-жой билан таъминланса, қувонаман-да.

Партия фаоли, депутат сифатида Меҳрибонлик уйлари фаолияти билан яқиндан танишиб боришимиз, ушбу масканларда тарбияланган ёшларимизнинг кейинги тақдиридан доимий хабардор бўлиб боришимиз талаб этилади. Бу масала бевосита партиямиз Сайловолди дастурига ҳамоҳанг бўлгани учун, Халқ демократик партияси фаоллари ва депутатлари томонидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Назоратни сусайтирмай, Меҳрибонлик уйларида тарбияланган йигит-қизларимизнинг кўнглига қўл солишни, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал этишни мақсад қилдик. Биз уларнинг тақдирига бефарқ эмасмиз!

 

Саида ШАРИПОВА,

Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйи директори,

халқ депутатлари вилоят кенгашига ЎзХДПдан депутат.

← Рўйхатга қайтиш