Хотин-қизлар фаол бўлса – миллат баркамол бўлади

 

Барчамизга маълум, мамлакатимизда хотин-қизлар масаласига юксак даражада эътибор қаратилмоқда. Кейинги олти йилда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани фикримизнинг исботи ҳисобланади. Хотин-қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, бандлигини таъминлаш, соғлигини мустаҳкамлаш борасида бир қанча имтиёз ва имкониятлар яратиб берилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан олиб борилаётган бундай оқилона сиёсат - хотин-қизларнинг жамиятдаги, оиладаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган.

Ўзбекистон ХДП ҳар доим гендер тенглик ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, сиёсий партиялар ичида биринчи бўлиб, ХДП да 2007 йилда “Аёллар қаноти” ташкил этилди.

Ҳозирги кунда “Аёллар қаноти” ўз атрофига республика бўйича жами 300 минг нафарга яқин хотин-қизларни бирлаштирган. Яъни жами аъзоларнинг 50 фоиздан кўпроғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Ўзбекистон ХДП сафида ва тизимида жамиятда ўз ўрни ва ўз сўзига эга, давлат бошқаруви органларида меҳнат қилаётган таниқли, фаол, сиёсатчи раҳбар аёллар талайгина.

Партиямиз сафида бўлган хотин-қизлар ичида Сенат раиси, Бош вазир ўринбосари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили-Омбудсман, Сенатда қўмита раиси, вазир ўринбосарлари, ҳокимлар, Ўзбекистон Қаҳрамони, олималар, профессору, фан докторларидан тортиб, тадбиркору, шифокор, ўқитувчи ҳамда талабаларгача бор.

Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларида белгиланган Сиёсий партияларда хотин-қизларнинг улушини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш бўйича қўйилган режа (кўрсаткич) ижроси Ўзбекистон ХДП томонидан 2022 йилда таъминланди.

Барчамизга маълумки, 2021 йил 28 май куни қабул қилинган “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини”ни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан яна бири бири - сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашдан иборат.

Сайлов жараёнларига хотин-қизлар ва эркакларни тенг асосда жалб қилиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда номзод кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашда сиёсий партиялар муҳим роль ўйнайди.

Бу борада, яъни хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан эркин фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида партиямиз томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Гендер тенгликка эришиш стратегиясидан келиб чиқиб, партиянинг алоҳида чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.

Ютуқлар, амалга оширилаётган ишлар барчаси ўзимизники, лекин хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларимиз ҳали анчагина. Бунинг учун ишларимизни тизимли равишда олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоғимиз керак.

Биринчи навбатда жойлардаги Оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳаллалар ва турли давлат ва нодавлат ташкилотлар, муассасалар билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз;

фаол, ташаббускор қизларни, аёлларни аниқлаб, партия сафига жалб қилишимиз, кадрлар захирасига киритишимиз ва уни доим янгилаб боришимиз;

уларни тадбирларга таклиф этиб, лойиҳаларимизни амалга оширишда иштирок этишларини таъминлашимиз;

масъулиятли фаол депутатларга бириктиришимиз;

хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини, қонунлардан хабардорлигини ошириш мақсадида турли мавзуларда ўқувлар ташкил этиб, дастлаб уларни иштирокчи, кейинчалик эса маърузачи сифатида иштирокини таъминлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бу усул уларни ўз устида ишлашга, ҳуқуқий билимини оширишга, ўзига ишонч ҳосил қилишга қолаверса, сиёсат майдонига кириб келишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари давлат бошқарувида хотин-қизларнинг улушини ошириш, сиёсий партияларга аъзо бўлган хотин-қизларни давлат бошқаруви асослари бўйича малакасини ошириш, Миллий кадрлар захирасига киритиш ҳамда босқичма-босқич давлат органларидаги раҳбарлик лавозимларига тавсия этиб бориш бўйича Ўзбекистон Республикаси Сенати ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан олиб бораётган ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим.

Шунингдек, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш орқали уларга нисбатан жамиятда шаклланган салбий қарашларни ўзгартиришимиз, “Аёл сиёсатчи” образи тўғрисида ижобий фикрни шакллантириш мақсадида тарғибот тадбирларини янада кўпайтиришимиз керак.

Нафақат фаол хотин-қизлар балки, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларнинг ҳам ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишимиз асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади, аввало уларнинг муаммосини ҳал қилиш, берилаётган имтиёзлардан фойдаланишларига ёрдам бериб, ўқишига, касб-ҳунар ўрганишига, имтиёзли кредит, субсидиялар олишига кўмаклашиб, ўз бизнесини йўлга қўйишига, бандлигини таъминлашга, саломатлигини мустаҳкамлашга кўмак бериш, шу билан бирга уларни партия сафи, тадбирларига жалб қилиб бориш ҳам сиёсий партиялар, депутатларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Тўғри юқоридаги вазифаларни айтиш осон, лекин бажариш, кутилган натижага эришиш озгина меҳнатни талаб қилади. Партиянинг туман кенгашларида 1 нафар ходим ишлайди, барчасига улгурмайди дейишимиз мумкин. Аммо ҳар бир вилоят ва туманда раиснинг жамоатчилик асосидаги Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, “Аёллар қаноти” раҳбари фаолият олиб боради, бундан ташқари депутатларимиз, турли лавозимларда ишлаётган фаолларимиз, пенсиядаги фахрий аёлларимизнинг салоҳияти ва имкониятларидан фойдаланишимиз зарур деб ҳисоблайман.

Яратиб берилаётган имтиёз, имкониятлардан хотин-қизларни вақтида хабардор қилиб, тўғри фойдаланишида, қабул қилинаётган қонун, қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлашда сиёсий партиялар нафақат иштирокчи балки, фаол ташаббускор бўлишлари лозим. Айниқса бизнинг партиямиз фаоллари, депутатлари. Чунки қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг аксарияти, деярли барчаси партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Демак, биз ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаол шахсга айлантиришимиз лозим.

Зеро, хотин-қизлар фаол бўлса-миллат баркамол бўлади, зиёли онанинг фарзандлари ҳам зиёли бўлади, ўз ўрни, ўз сўзига эга бўлган аёлнинг оила ва жамиятдаги нуфузи ҳам ошади.

 

Гулшан Асатова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш