Биз тарихий жараёнларнинг иштирокчисимиз. Мамлакатимизда илк бор сайлов аралаш (яъни мажоритар, пропорционал) сайлов тизимига ўтказилмоқда. Бу келгусида халқимизга нима беради деган савол бўлиши табиий. Мажоритар сайловда сайловчи номзодга овоз берса, пропорционал сайловда эса сайловчи партияга овоз беради. Бу эса ўз-ўзидан кўриниб турибдики, сиёсий партиянинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини, нуфузини оширади.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини оширишга замин яратади. Халқ қайси партиянинг ғоя ва илгари сураётган сайловолди дастури кучли бўлса, шу партияга овоз беради. Энди сайловларда сиёсий партиялар ўрасида рақобат муҳити, ҳақиқий сиёсий кураш бўлиши шубҳасиз.
“Сайловлар демократия кўзгуси” деймиз сайловлар орқали ҳар бир фуқаро жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этади ҳамда мамлакат тақдирига нисбатан бефарқ эмаслигини намоён этади. Сайловлар халқнинг давлат ҳокимияти билан қайта алоқасини кўрсатиб туради.
Шу боис, фуқароларнинг мамлакат бошқарувида янада кенг иштирокини таъминлаш мақсадида сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқимизнинг иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор нормалар ўз аксини топган.
Қайд этишимиз керакки, бундай янги конституциявий нормалар соҳани тартибга солувчи махсус қонунларда ҳам ўз аксини топиши лозим. Чунки, Конституциямизнинг 16-моддасига мувофиқ бирорта қонун Конституция нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Шу боис, бир қатор депутатларимизнинг ташаббуси билан сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.
Бунда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлик ўрнининг 50 фоизи мажоритар, яъни ҳозиргидек муайян округлар бўйича энг кўп овоз олган номзодлар сайланиши, қолган 50 фоизи эса пропорционал, яъни аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз бериш орқали, партиялар томонидан кўрсатилган рўйхат асосида номзодлар сайланиши каби нормалар киритилмоқда.
Бундай сайлов тизимида партиялар муҳим ўрин тутади. Улар аҳоли билан муносабатларини таъсирчан ва натижадор бўлишига ҳаракат қилади. Партия ўз дастури орқали халқни ишонтира олсагина муайян овозга эришади.
Яна бир аҳамиятли томони шундаки, сўнгги йилларда хотин-қизларга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун билан ҳимояланмоқда. Бугуннинг аёли сиёсий жараёнда Қонунчилик палатасида 32 фоизни, маҳаллий Кенгашларда эса 25 фоизни ташкил этмоқда. Яқинда қабул қилган Бош қомусимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлаб қўйилган бўлса, бугун қабул қилаётган қонун лойиҳасида ҳам хотин-қизларга 30 фоизлик квота белгилаш нормаси киритилаётганлиги келгусида аёлларимизни янада сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қилади.
Эътиборли жиҳати, партия рўйхатига ҳам гендер тенглигини таъминлаш мақсадида худди мажоритар тизим бўйича номзодларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлиши назарда тутилмоқда;
Шунингдек, сайлов комиссияси аъзоларининг ижтимоий кафолати кучайтирилмоқда. Хусусан, сайлов комиссиясининг ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган аъзолари сайлов даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилиши ёки уларнинг розилигисиз бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмаслиги ўрнатилмоқда. Ҳеч кимга сир эмаски, сайлов жараёнида кўпинча жамоатчилик асосида ишлайдиган сайлов комиссияси аъзоларига оғирроқ бўлади. Бу норманинг киритилиши уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.
Қонун лойиҳасида Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлари сайлови натижаларини белгилаш тартиби такомиллаштирилмоқда. Амалдаги қонунчиликда сайловда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган ҳисобланади, яъни мутлақ кўпчилик овоз талаб этилади. Эндиликда бир мандатли сайлов округларида бошқаларга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод депутат этиб сайланиши белгиланмоқда.
Хусусан, мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда. Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бу такрорий сайловларнинг бўлмаслигига, бюджетдан ортиқча маблағ сарфлаш ва сайловчиларнинг, сайлов комиссияларининг ортиқча вақт сарфлашининг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, сиёсий партияларнинг парламентдаги ролини янада оширишга қаратилган қоидалар киритилмоқда. Жумладан: партия рўйхати асосида сайланган депутатлар муайян сайлов округига эга бўлмайди. Бундай депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги муносабатларни шакллантириш учун асосий масъулият сиёсий партиялар фракцияси зиммасида бўлади. Қонун лойиҳаси билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги қонунига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Партия рўйхати асосида сайланган депутатларнинг сайловчилар билан алоқаси тегишинча сиёсий партия фракцияси томонидан белгиланиши нормаси билан тўлдирилмоқда. Бу эса парламентда фракцияларнинг ўрнини ва депутатларнинг фракция олдидаги масъулиятини оширади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Конституциявий Қонун сиёсий партиялар ва депутатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, партиялар мавқейи ҳамда сайлов органларининг профессионаллик даражаси янада ошишига хизмат қилади.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.