Сиёсий партиялар янгича демократик муҳитда курашадилар

 

Халқимизнинг иродаси билан қабул қилинган Янги Конституциямизга қонунчиликни мослаштириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қатор қонунлар кўриб чиқилмоқда. Албатта, “сайловлар демократиянинг кўзгуси” эканлигини инобатга оладиган бўлсак, бу борада ҳам қонунчилигимизни такомиллаштириб бориш энг асосий масалалардан бири ҳисобланади.

Ҳозирги кунда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексига ўзгартириш киритилиши яъни аралаш сайловга ўтиш натижасида сиёсий партияларнинг ўз ғоялари ва дастурлари ижроси учун “янгича кураш майдони” пайдо бўлади. Бу эса, ўз навбатида сиёсий партияларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини янада ошириб, ўз ғояларини амалга ошириш бўйича ҳисобдорлик, қолаверса халқимизни ўйлантириб келаётган муаммоларнинг ечими бўйича аниқ манзилли ёндошувни талаб қилади.

Куни кеча Ўзбекистон халқ демократик партияси фракциясининг ҳамда Марказий кенгаш ижроия қўмитасининг, вилоят, туман партия фаолларининг кенгайтирилган йиғилишида юқоридаги масалалар муҳокама қилинди.

Кенгайтирилган йиғилишни уч қисимга тақсимласак, биринчи навбатда олдимизга қўйилган мақсадларимиз натижалари танқидий, таҳлилий муҳокама этилди. Аралаш сайлов тизимига ўтиш моҳияти, долзарб вазифалар, жамоатчилик назорати таҳлиллари, асосийси сайловларга кириб боришдаги дастур бўйича маърузачиларнинг аниқ таклифлари билдирилди.

Аҳамиятлиси шунда-ки, жамоатчилик назорати юзасидан мониторинг таҳлиллари, қонун ижодкорлиги бўйича вазифалар билан бир қаторда медиа маконда ҳам халқимизни ичига кириб бориш ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли эканлиги маърузачилар томонидан таъкидланди.

Аввалги сайловларда шахс учун, унинг иш тажрибаси, фикрлаши, маълум бир воқеликка нисбатан қарашларига овоз берилган. Қайсидир маънода ўтган сайловларда партияларнинг муносиб номзодлари уларнинг шахсий имкониятлари, қариндош уруғлари, таниш билишлари ҳисобига овоз олишган бўлса, эндиликда 75 та ҳудудда айнан партия ғоялари учун кураш кетади. Бу ҳам сиёсий партиялар учун адолатли кураш майдони десам муболаға бўлмайди.

Бугун сайловчилар аввалгидек сиёсий жараёнларга бефарқ эмас. Депутатлар ҳам, номзодлар ҳам, сиёсий партиялар ҳам фаолиятларини ўзгартириши замон талаби.

Ўзбекистон ХДП фаоллари, тажрибаси, маҳаллий кенгашларга сайланган халқ вакиллари салоҳияти билан ҳам ўз ўрнига эга партия. Ўйлайманки, партиямиз ғоялари халқимизга жуда яқин, биз ўз ғояларимизни сайловчиларга етказиш орқали жуда катта имкониятларга эга бўламиз.

Мухтасар қилиб айтганда, аралаш сайлов тизимига ўтиш – партия ғояларининг амалиётга муваффақиятли татбиқ этилишида қўл келади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш