Келажакка ишонч ёшларни янада фаоликка ундайди

Президентнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида жорий йилда ёшларни қувонтирадиган кўплаб янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Ёшлар қувончли хабарларни хурсандчилик ва миннатдорлик билан қабул қилди. Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида ўтказилган депутат ва ёшлар учрашувида ҳам бу яққол намоён бўлди.

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Шерзод Раҳмонов ёшларнинг келажакка интилишини қўллаб-қувватлаш, улар илм-маърифатли бўлиши, касб-ҳунар ўрганиши учун Мурожаатномада кўплаб ташаббуслар илгари сурилганини алоҳида қайд этди.

 

Шерзод РАҲМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Давлатимиз раҳбари олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробарга кўпайтирилади, қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратилишини маълум қилди. Бундан кўринадики, давлат ёшларнинг билими ва дунёқарашини ошириш, уларнинг таълим-тарбияси учун маблағини аямайди. Янгидан ишлаб чиқиладиган “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси давлат ва жамиятнинг ёшларга муносабатини бутунлай янги даражага кўтариши аниқ.

Учрашувда Мурожаатномада ёшлар манфаатларини кўзлаб илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида кенг тушунча берилди. Ёшлар ҳам фаол тарзда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Учрашув доирасида, шунингдек, 20 дан ортиқ масала юзасидан мурожаат ва таклифлар тингланди.

Ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида юрган ёшларга кредит олиш йўл-йўриқлари тушунтирилди. Йигит-қизлар иш билан таъминлаш, қайта тайёрловга ўқиш, мактаблардаги спорт залларини таъмирлаш масалаларида мурожаат қилишди. Шунингдек, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши қошида журналистикага қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида матбуот клуби ташкил этиш ҳамда туманда болалар оромгоҳи ҳамда маданият боғи қурилиши юзасидан таклифлар билдирилди.

Шу куннинг ўзида барча мурожаатлар ўрганиш ва ҳал этиш учун тегишли ташкилотларга йўналтирилди. Депутат мурожаатларни ижобий ҳал этиш юзасидан қатъий назорат олиб борилишини маълум қилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш