Ўтган ҳафта мамлакатимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни жуда кенг нишонланди.
Президентимиз ўз табрикларида «Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш миллий ўзлигимизни англаш, миллат руҳини сақлаб қолиш, ёруғ келажагимизни таъминлашнинг энг муҳим омили» эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Мазкур байрам нафақат мамлакатимизда, ҳатто чет давлатларда ҳам кенг нишонланди. Қонунчилик палатасида ҳам тил байрамига бағишлаб маънавий тадбир ўтказилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, миллий парламентимизда ўзбек тилини асраб-авайлашга, бойитишга, қабул қилинаётган қонунларнинг, барча қарорлар ва бошқа ҳужжатларнинг ўзбек тили нуқтаи назаридан мукаммал, ҳамма учун тушунарли ва равон бўлишига доимо катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Кўпчилигингизга яхши маълумки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида қонун ижодкорлигида тилимизнинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмас эдик. Эндиликда эса қонунларимиз ўзбек тилида ёзилмоқда, муҳокама қилинмоқда ва қабул қилинмоқда.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда ўзбек адабий тилига асосланган қонун ижодкорлиги мактаби шакллантирилди ва у тобора ривожланиб бормоқда.
Қонун ижодкорлигида ўзига хос тажриба яратилди. “Ўзбек қонун тили” деган тушунча пайдо бўлди ва биз қонунчилик жараёнида атамаларни, сўз бирикмаларини ва таърифларни қўллашда ягона ёндашувларга эриша олдик.
Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган қонунларнинг матни уларда ўзбек адабий тили қоидаларига риоя этилганлиги, атамаларнинг ўз ўрнида ва тўғри қўлланилганлиги, фикрларнинг аниқ ва лўнда баён этилганлиги ҳамда бошқа мезонларга амал қилинганлиги нуқтаи назаридан махсус лингвистик экспертизадан ўтказилмоқда.
Шундан кейин қонун лойиҳалари палатамизда тузилган Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси томонидан кўриб чиқилмоқда. Комиссия қонунларда баён этилаётган ҳуқуқий нормаларнинг қўлловчилар учун тушунарли, равон ва аниқ тарзда баён этилишини таъминланишга, юридик қоидаларнинг тўғри ифодаланилишига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Палатамизда қонунларнинг тилига кўрсатилаётган алоҳида эътибор туфайли бизда ўзбек тилини янада бойитиш имкониятлари ҳам пайдо бўлмоқда. Натижада ўзбек тилида истеъмолдан чиқиб кетиш остонасида турган кўплаб сўзлар қонун тилига сингдирилиб, оммалаштирилди. Масалан, «бўнак» («аванс»), «тусмол» («версия») «ҳандақ» («траншея»), «тиркама» («прицеп»), «йўриқчи» («инструктор») ва бошқа сўзлар шулар жумласидандир.
Бироқ, ўзбек тилимиз бой бўлса-да, қонунни қўлловчиларга қулай бўлиши учун биз бир қонунда муайян сўзнинг синонимидан, турлича талқин қилиниши мумкин бўлган атамалар ва сўз бирикмаларидан фойдаланишга йўл қўя олмаймиз.
Шу билан бирга, бугунги илмий-техникавий тараққиёт тақозоси билан қонунларда халқаро миқёсда тан олинган атамалардан ҳам тилимизнинг камситилишига йўл қўйилмайдиган тарзда фойдаланмоқдамиз.
Ўйлайманки, биз халқ вакиллари ҳам миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшамиз.
Нуриддинжон ИСМОИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери.
«Ўзбекистон овози», 25.10.2022, №42