Бундан 32 йил илгари партиямизни ташкил этувчи республика комиссияси ишчи гуруҳининг аъзоси бўлганман ва унинг биринчи таъсис съездида иштирок этганман. Бундан ташқари, 1990-1996 йилларда шу партия нашри - «Ўзбекистон овози» газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири сифатида кўплаб обрўли зиёли сафдошларим қаторида ЎзХДП ғояларини халққа етказишда, дастурлари ижросини таъминлашда баҳоли қудрат қатнашганман. Бошқача айтганда, менинг учун қадрдон партия бу...
Дунёдаги бугунги шароитда ижтимоий ҳимоя инсоният учун энг биринчи даражали вазифа эканини халқаро ҳамжамият ҳам тушуниб етмоқда. Ижтимоий ҳимоя – бу ожиз ёки ночорларни моддий қўллашгина эмас, балки уларда эртасига ишонч туйғусини шакллантириш, ўз кучига ишончини орттириш, жамиятга керакли эканлигини таъминлаш билан ҳам боғлиқ. Шунинг учун Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида ана шу ғоялар яққол кўзга ташланади. Бинобарин, партиянинг салоҳияти фақат унинг ғоя ва дастурларининг мукаммаллигидагина эмас, балки уларни ижро этувчи сафининг салоҳиятида ҳамдир. Бу жиҳатдан олганда, мен партиямиз сафимизда мамлакатимизнинг энг илғор, энг зиёли, энг таниқли кишилари билан бир қаторда партиямиз дастурларини рўёбга чиқаришда ҳамқадам бўлаётганлигимдан фахрланаман. Улар ўз фаолликлари орқали фуқароларимиз маънавий, сиёсий, ҳуқуқий савиясини ўстиришга ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Партиямиз бугунги кунда ҳам юртимиздаги илғор зиёлиларни ўз сафига жипслаштирган, давлат томонидан қабул қилинаётган, аҳолининг муҳокамасидан ўтаётган деярли барча дастур ва лойиҳаларда ижтимоий ҳимоянинг устувор бўлиши - бу партиямиз ғояларининг нечоғлик муҳим ва барҳаётлигини кўрсатиб турибди. Бу эса мамлакатда тенглик ҳамда адолат тамойилларига йўғрилган ижтимоий муҳитнинг яратилишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам нафақат сайловчиларимиз, турли соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик партиямиз дастурларига хайрихоҳлик билдиришяпти. Партиямизнинг ғоялари, дастурлари узоқ йиллар халқимизга хизмат қилишини англатиб турибди.
Аъзоларимиз, фаоллар, депутатлар ва барча хайрихоҳларимизни мустақиллигимиз билан қадамба-қадам одимлаб, юртимиздаги ислоҳотларга фаол ҳисса қўшиб келаётган партиямизнинг байрами билан самимий табриклайман.
Фармон Тошев,
Самарқанд вилояти «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
Олий Мажлис сенати аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 1.11.2023, №43