Сайлов округида: тарғибот, ўрганиш, мурожаатлар ва таклифлар

 

Сайлов округидаги ўрганиш тадбирлари доим фикрлар, таклиф ва мулоҳазаларга бой тарзда ўтади. Бу галги учрашувлар ҳам қизғин ва тиғиз график асосида кечди.

Дастлаб сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тарғиботи юзасидан вилоят телевидениесида махсус кўрсатув ташкил этилди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти содда ва равон тилда томошабинга етказилди.

Сўнг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти мажлислар залида маҳалла фуқаролар йиғини раислари, адлия бўлими, туман Кенгаши депутатлари, сиёсий партия раислари, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида “Сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни” мавзусида учрашув ўтказилди. Мазкур тадбирда ҳам Конституциявий қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида сўз борди. Унинг мазмуни халқчил тарзда ҳамда тақдимот слайди воситаси ёрдамида йиғилганларга тушунтирилди. Учрашувда берилган саволларга тарғибот гуруҳи аъзоларидан жавоблар олинди. Билдирилган таклифлар ишчи гуруҳга тақдим этиш учун қабул қилинди.

Навбатдаги манзил коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, яъни, Денов туман газ ташкилоти, шаҳар электр тармоқлари ҳамда туман электр тармоқлари корхоналари бўлди. У ерда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Мавсумни талафотларсиз ўтказиш бўйича амалга оширилаётган жараёнлар, қўшимча зарурий жиҳозлар билан таъминлаш ишлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, маҳалла раислари билан ҳудуддаги муаммолар ҳақида суҳбат қилинди, фуқароларнинг мурожаатлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Асосан, МТТ ташкил этиш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, уй-жойни таъмирлаш, маҳалла фуқаролар йиғини раисларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди, ечим юзасидан таклифлар билдирилди.

Ўрганилган масалаларни ваколат доирасида бартараф этиш бўйича мутасаддиларга вазифалар юкланди, ижроси юзасидан назорат ўрнатилди.

 

Фирдавс Шарипов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш