Авваламбор, яхши, улуғ ниятлар учун катта қадам ташлаганимиз ҳаммамиз учун муборак бўлсин. Биз эришган давлатнинг бошқаруви, сиёсий тузилмалар, ички ва ташқи сиёсий муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш аслида жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Юқоридагиларга эришмасдан туриб, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш имконсиз. Ҳозирги ўзгариш ва янгиланишлар замирида барқарорлик турибди.
Мен бир нуроний, мамлакатнинг етакчи партияларидан бўлган Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси сифатида бошқарув тизимида халқчилликнинг таъминланаётгани, яъни “инсон – жамият – давлат” тамойилининг устуворлигидан қувончдаман. Ҳар бир давлат ўз фуқароларининг тинчлиги, фаровонлиги, муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратиб бериши зарур. Бизда ҳам шу мақсадлар сари аниқ, илмий таҳлиллар билан асослантирилган, ҳар бир йўналишни алоҳида тизимга солувчи стратегик режалар асосида ишлар олиб борилмоқда. Энг асосийси, бизнинг партиянинг бош ғояси ҳисобланган ижтимоий ҳимоя масаласига жуда катта урғу берилмоқда.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни эсдан чиқармаслигимиз керак, давлат бу – комплекс тушунча. Унинг бир соҳаси ривожланиб, бошқаси ортда қолиши унинг мувозанатига, барқарорлигига путур етказиши мумкин. Бизда ҳамма соҳани параллел равишда ривожлантирадиган бошқарув тизимининг яратилгани ҳам улкан ютуғимиздир. Олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг самарасини Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузи мустаҳкамлангани ва биз билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлганларнинг сони ва салмоғи ҳам кўрсатиб турибди.
Кўзланган мақсадлар аҳолининг ҳар бир қатлами, керак бўлса, ҳар бир хонадонни қамраб олган, аниқ режага сингдирилиб, уни амалга оширувчи бошқарув тизими яратилган бўлса, халқ ва давлат ўртасидаги мувозанат мукаммал бўлади. Ўйлашимча, бизда шу мувозанатга эришилмоқда.
Биласизми, бу йил охиригача ЯИМ 5,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу айни жаҳонда бўлаётган вазиятни ҳисобга олиб қараганда анча яхши ўсиш, дегани. Буларнинг барчаси тизим тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради.
Айтмоқчи бўлган яна бир гапим бор. Куни кеча туманимиз марказидаги шифохонага бордим. У ерда ижтимоий ҳимояга муҳтож бир оиланинг фарзанди мураккаб жарроҳлик амалиёти қилинаётганига гувоҳ бўлдим. Бир муҳтож оиланинг хурсандчилигини кўриб, очиғи, кўзимга ёш келди. Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишлар мислсиз, деб ўйлайман. Дунёнинг ривожланган мамлакатларига бориб ўтказилган мураккаб амалиётлар туманларимизнинг ўзида қилинаётгани халқини асровчи, халқини эъзозловчи юртда яшаётганимиздан далолатдир.
84 ёшли, оқу қорани таниган фахрий сенатор ва иқтисодчи профессор сифатида айтмоқчиманки, Халқ демократик партиясининг потенциали жуда катта, лекин бир масалада таклифим бор. Партия фахрийларининг тажрибаси ва билимидан кенгроқ фойдаланишни таклиф қиламан. Яъни, ҳудудларда яшовчи партия фахрийларини ижтимоий ҳимоя ва таълим бўйича ўзи яшовчи ҳудуддаги қайсидир бўғинга бирлаштириб, ваколатли қилиб қўйиш керак. Ваколатли қилиб қўйиш эртага у қаергадир бир масалани ўрганишга борганида сиз қайси ташкилотдансиз, нима қилиб юрибсиз, деган саволларга жавоб бериши учун керак.
Барча партиядошларимизни яна бир бор табриклайман.
Шукуржон Маматқулов,
Ўзбекистон Қаҳрамони.
«Ўзбекистон овози», 1.11.2023, №43