Инсон тирик экан, ҳаётида ижобий ўзгаришларга интилиб яшайди. Ўзгаришлар ҳаётингиз, яшаш тарзингиз, муҳитингизни ўзгартиради.
Бундан 10 йил муқаддам мен Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлишим орқали шу каби ўзгаришларга эришаман, деб ўйламаган эдим. 2013 йилда партияга аъзо бўлишим ва партияда фаолият бошлашим мен учун бироз эриш туюлган бўлса-да, кейинчалик тақдиримдаги муҳим ўзгаришларга, энг асосийси, инсонларга керак бўлиб яшашимга ва сиёсий майдонга кириб келишимга замин яратди.
Шу 10 йил ичида партия орқали маҳаллий Кенгаш депутатлигига, 2019 йилда эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланишимда партиямиз таянч бўлди.
Партия ичида бўлмасангиз, ишларини ҳам, унинг ўрнини ҳам сезмайсиз. Агар партия билан ҳамнафас бўлсангиз, жамиятда партияларнинг ўрни ва мавқеини ҳис қиласиз. Амалга ошираётган ишларингиздан кайфиятингиз кўтарилади.
Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалайди. Партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини халқ орасида кенг ёйиш ҳамда аҳоли муаммоларини ижобий ҳал этишда партиядан сайланган депутатларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда халқ вакили қанчалик фаол ва жонкуяр бўлса, партиямиз шу даражада омма орасида обрў-эътиборга ва энг асосийси, халқнинг муҳаббатига сазовор бўлади. Партиямиз атрофига фаол ёшлар, аёлларнинг аъзо бўлишига эришилади ҳамда уларнинг ҳам ҳаётдаги ўрнини топишига кўмаклашади.
Албатта, партия томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар, тадбирлар ва халқ билан мулоқот ўтказиб, сайловчиларнинг меҳрини қозонишга муваффақ бўлинади. Масалан, партиямиз билан ҳамкорликда кўплаб ногиронлиги бўлган шахсларни ногиронлик аравачалари билан таъминлашда кўмак кўрсатилди.
Шунингдек, кўплаб фуқароларнинг мурожаатларига асосан, мактабгача таълим ташкилотларини, мактабларни, соғлиқни сақлаш муассасаларини мукаммал таъмирлашга эришдик.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги каби кўплаб электоратимизни қийнаб турган муаммолар ечимига йўл очадиган қонунлар қабул қилинишига эришилди.
Фурсатдан фойдаланиб, мен ва мен каби инсонларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилишга эришган ва сиёсий етук шахсларни шакллантираётган партиямизнинг қутлуғ байрами билан барча партиядошларимизни, фахрийларини ва партиямиз сафига киришни ният қилган тарафдорларимизни табриклайман.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 1.11.2023, №43