Айтишадики, шахсий карьера, бу – катта бир ҳикоя. Аҳамият берганмисиз, сиёсий суҳбатлар осонгина қизиб кетади. Ер юзидаги инсонларни ўзига жалб қиладиган ҳар қандай ташкилот ўз сиёсатига эга. Сиёсат ҳар доим кундалик ҳаётимизда марказий ўринни эгаллаб келган ва бу келажакка йўналтиради. Сиёсий майдонга кириш, атрофдаги дунёни яхшироқ ўрганиш учун ижтимоий муносабатларни таҳлил қилиш керак.
10 йил олдин сиёсат деганда, минбардан туриб, залворли нутқлар сўзлаш, доимий расмий кийим ва шунга ўхшаш элита ҳаёт кўз олдимга келарди. Ўзбекистон ХДПда фаолиятимни бошлаган илк кунларда жуда ҳаяжонланганман, ижтимоий-сиёсий майдонга киришга, тўғриси, бироз ҳадиксираганман ҳам. Лекин кейинчалик бу ҳадик ўрнини қизиқиш, жамият ишига кучли дахлдорлик туйғуси эгаллади. Сайловларда муваффақиятли қадам ташладим.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши аъзоси бўлдим. Мамлакат тарихида 21 ёшида депутат бўлган энг ёш депутат сифатида эътироф этилганман. Қўл кўтариб тасдиқлашдан ташқари, сайловчилар муаммолари билан ишлашни мажбуриятим, деб билганман.
Айтишим керакки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси шахс сифатида шаклланишимга катта замин яратди. Мамлакатимизда илк маротаба ташкил этилган Ёшлар парламентининг дастлабки аъзолари қаторидан жой олдим. Ҳозирги кунда ҳам Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Маҳалладаги ёшлар етакчилари билан ҳамкорлик масалалари қўмитаси раиси сифатида фаолият юритиб келяпман. Шунингдек, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бош маслаҳатчиси сифатида ҳам меҳнат фаолиятимни олиб боряпман.
Ўтган даврлар давомида бир нарсага амин бўлдимки, уч давлат ҳокимиятидан ташқари, ягона олий ҳокимият – бу халқимиз иродаси экан. Партиямиз инсонлар ҳаётининг ҳар бир босқичида жараёнларга кўмакчи бўлмоқда, фуқаролар билан мулоқот ўрнатиш йўлидан кетмоқда. Қонунларни қабул қилишда виждонан ва масъулият билан иштирок этиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
Барча партиядошларимизга Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлидаги ишларида омадлар ёр бўлишини истаб қоламиз.
Шоҳруҳ Ўктамов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 1.11.2023, №43