Халқ демократик партияси 32 ёшда!

 

Аввало, партиямиз ташкил этилганига 32 йил тўлиши билан барча партиядошларимизни муборакбод этаман. Ўтган давр мобайнида партиямиз мамлакатимизда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшди, деб бемалол айта оламан. Айни вақтда электоратимиз ижтимоий манфаатлари ва эҳтиёжлари йўлида фаол ҳаракат қилиб келаётган сафдошларим билан бирга эканлигимдан, партиямиз ичида туриб, халқимиз билан елкама-елка турганимдан фахрланаман.

Партия ҳаётимни нафақат ўзгартирди, балки кўпнинг дуосини олишим учун ёрдам берди. Фаолиятимиз давомида депутатларимиз билан бирга одамларнинг оғирини енгил қилиб келяпмиз, муаммоларни ҳал қиляпмиз.

Яқинда бир қизиқ ҳолат бўлди. Фуқаролар билан сайёр қабул вақти бир аёл мени четга имлади. Жон, деб аёлга яқинлашиб, унга қулоқ тутдим. Аёл 3 нафар фарзанди борлигини, турмуш ўртоғи ҳам ишсиз эканлигини айтди. Ишсизлик, оиладаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабаб турмуши бузилиш остонасида турганини кўзларида ёш билан сўзлаб берди. Эркак киши ишламай уйда ўтирса, муаммолар ўз-ўзидан янада кўпаяди, камаймайди, деган ўй-фикрлар хаёлимдан ўтди. Бир инсоннинг, бир оиланинг тақдири бутун жамиятнинг тақдири билан боғлиқ, албатта.

Қабулда иштирок этаётган ҳамкор ташкилот раҳбарларидан бирига вазиятни тушунтирдим. Сайёр қабулдан сўнг аёл яшаётган хонадонга бордик. Не кўз билан қарайки, оиладаги муҳит аёлнинг кўзи ёшга тўлиб, дард билан сўзлаб берганича бор экан. Фарзандларининг каттаси ногирон тўшакда ётар, кейингиси мактабга чиққан, кичиги боғча ёшида, уйдаги шарт-шароитлар ҳам ҳаминқадар эканига гувоҳ бўлдик.

Аёлнинг ишсиз ўтирган турмуш ўртоғи билан узоқ гаплашдик. Маълум бўлишича, у илгари қурувчи сифатида ишлаган экан. Ҳамкоримиз ўша ерда қурувчи ферма бошлиғи билан гаплашди. Бир неча кунда масала ҳал бўлишини айтди. Биз бу билан чекланмадик. Аёл билан бир ҳафтадан сўнг яна гаплашдик. Турмуш ўртоғи қурилишга ишга қабул қилинибди, ишни бошлаб юборибди. Эшитиб бизам хурсанд бўлдик.

Баъзан катта йиғинларда, сайёр қабулларда очиқ мурожаат қилишга тортинадиган, орияти кучли ёки вазияти очиқликни кўтармайдиган шу каби ҳолатлар кўп учрайди. Бундай оилаларда муаммолар бир эмас, бир нечта бўлади.

Инсон шундай яратилган. Кимгадир ёрдами тегса, енгиллик ҳис қилади, шу нарса менгаям куч-ғайрат бағишлайди. Шунинг учун ҳам мен Халқ демократик партияси сафида турганимдан, ўз ишимдан катта завқ оламан, фаолиятимга иштиёқ билан ёндашаман.

 

Замира Тоғаева,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши бўлим бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 1.11.2023, №43

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш