Бугун бутун дунё оила институти инқирозига, хусусан, никоҳлар беқарорлиги, ажрашишлар сони ортиши, никоҳсиз туғилишлар кўпайиши, оилавий ҳаёт ва фарзанд тарбиясига тоқатсизлик каби муаммоларга тўқнаш келяпти. Бундай муаммолар миллатнинг маънавий таназзулига сабаб бўлиши мумкинлигини олимлар илмий жиҳатдан асослаб берганлар.
Миллатимиз фахри, буюк мутафаккир бобомиз Абдурауф Фитрат “Оила” асарида бу борада аниқ ва тиниқ фикрларни бизга мерос қилиб қолдирган: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса миллат оилаларининг интизомига таянади, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли бўлади. Агарда бир мамлакатнинг аҳолиси ахлоқсиз ва жоҳиллик билан оилавий муносабатларни заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йўл қўйса шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади” деб таъкидлаган. Бежизга оила жамиятнинг асосий бўғини дейилмаган. Оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан-мамлакат барқарор бўлади. Оила мустаҳкам бўлиши учун авваламбор қонунда белгиланган тартибда никоҳ тузилади. Оила кодексининг 13-моддасида белгиланганидек, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Минг афсуки, кейинги пайтларда оилавий муносабатларга енгил-елпи қараш ҳолатлари кўпроқ учрамоқда. Айрим хотин- қизлар оқибатини ўйламай “шаръий никоҳ” орқали иккинчи хотин бўлиш йўлини танлашмоқда. Тасаввур қилинг, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлади, хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб улғайгандан кейин, боғчага, таълим муассасасига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзосиман, деб ҳис эта олмайди. ФҲДЁ рўйхатидан ўтмаган оилаларда ажрим кўплиги ва бундай ҳолларда аёллар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Натижада, қонунга зид ҳолда қурилган оилалар пароканда бўлиб, болаларнинг тирик етим бўлиши каби нохуш ҳолатлар юзага келмоқда.
Жамиятдаги ҳар бир соҳа ва фаолият, ҳар бир муносабат ва ҳаракат қонун билан тартибга солинади. Қонунга бўйсуниш мажбурий, қонун олдида барча бирдек жавобгар ҳисобланади.
Оилани, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда юқоридаги каби оила қуришда кузатилаётган иллатларнинг олдини олиш мақсадида Президент томонидан имзоланган ЎРҚ-874-сонли Қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонунда икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра:
Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш:
— БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш:
— БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра:
Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса:
— БҲМнинг 75 бараваридан 150 бараваригача (24 млн 750 минг сўмдан 49 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Қонунларга киритилаётган бундай ўзгаришлар оилалар мустаҳкам ва соғлом бўлишига хизмат қилади. Бунинг учун қонунчиликдаги янгиликларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш ишларида партия тизими ва сафидаги ходимлар, депутатлар фаол иштирок этишлари лозим. Шунинг билан бирга Қонун ижроси устидан кучли депутатлик ва жамоатчилик назорат ўрнатилиши керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўз келажагини қуришда, белгилашда инсонлар адашмаслиги, оила-муқаддас қўрғон эканлигини англаб етишлари, қонунда белгиланган тартибда никоҳ тузиб, оила ва жамият мустаҳкамлиги, мамлакат барқарорлигини таъминлашда ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим.
Зеро, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига, жамият равнақига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи ҳисобланади.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.