ИҲТ: Тошкент саммити – янги даража

 

Ўтган ҳафтада барчамиз Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги фаоллик ўзи аъзо бўлган ташкилотлар нуфузига ҳам бевосита таъсир этаётганига гувоҳ бўлдик. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг пойтахтимизда бўлиб ўтган 16-саммити ҳақида иштирокчилар ва кузатувчилар, экспертлар, сиёсатчи ҳамда иқтисодчилар фикрларини ўрганиш ва таҳлил қилиш ана шундай умумий хулосага келишга асос бўлмоқда.

Тошкент саммитга илк бор мезбонлик қилган бўлсада, унинг натижадорлиги, юксак тайёргарлик ва шарт-шароит, асосийси аъзо давлатлар учун тенг манфаатли ташаббусларга бой бўлгани бугун миллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари орқали тарқалаётган эътирофларда ўзининг муносиб баҳосини топмоқда.

Давлат раҳбари томонидан ўртага ташланган таклифлар эса, ташкилотнинг нуфузи, халқаро миқёсдаги мавқеини янада мустаҳкамлабгина қолмасдан, аъзо мамлакатлар иқтисодий тараққиёти, халқлар фаровонлигини оширишда ҳам муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган саммитда ушбу муштарак мақсадларга эришиш борасида яна бир қатор таклифлар ўртага ташланди.

Масалан, Ўзбекистон Ташкилотнинг асосий ҳужжати – “Истиқболлар – 2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлаган ҳолда, истиқболдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Ушбу ҳужжатнинг асосий йўналишлари бўйича аниқ йўналишлар кўрсатиб берилди.

Жумладан, ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқлигини кучайтириш йўналишида аъзо давлатларнинг денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятлари инобатга олинган ҳолда, Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақаларининг йирик бозорлари билан боғлайдиган ва минтақа орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш заруратига алоҳида урғу берилди. Бу борада истиқболда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон мультимодал йўлларининг ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатларига бирдек мос келишига эътибор қаратилди.

Шунингдек, ушбу мақсадларга эришишда “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳужжатга бошқа аъзоларнинг ҳам қўшилиши, ўзаро тариф ва йиғимларни мақбуллаштириш таклифи ўртага ташланди.

Мутахассисларнинг фикрича, 2023 йил инсоният тарихига энг иссиқ йил сифатида кирмоқда. Глобал иқлим ўзгариши дунёнинг кўплаб давлатлари иқтисодиётига ўзининг бевосита таъсирини ўтказмоқда. Энг ачинарлиси, дунё иқтисодиёти, табиат ва атмосфера кўраётган зарарни ер юзи аҳолисининг ҳар бири ўз ҳаётида бевосита ёки билвосита ҳис этишга улгурди. Бундай вазиятда мавжуд экотизимни сақлаб қолиш, яшил иқтисодиётга ўтиш билан боғлиқ ишларни жадаллаштириш, саноат ишлаб чиқариш жараёнида табиатга чиқариладиган турли ташламалар юкини имкон қадар камайтириш инсоният олдида турган энг биринчи вазифадир.

Шу билан бирга, аъзо давлатлар сўнгги вақтларда тобора жиддий муаммога айланиб бораётган қум-чанг бўронларига қарши курашиш мақсадида Самарқанд декларациясини қўллаб-қувватлаши таклиф этилди.

Ҳеч шубҳасиз, тараққиётни энергетика хавфсизлиги кафолатисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бироқ, дунёдаги мавжуд вазият ҳамда ресурсларга талаб ошиши уларни озайиши фонида рўй бераётгани ҳар жиҳатдан мақбул альтернативлар топиш вазифасини инсоният олдига кўндаланг қилиб қўймоқда.

Шундан келиб чиқиб, саммитда ҳам мазкур мавзуга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Ўзбекистонда кўрилаётган чоралар ва уларнинг илк натижалари очиқланди.

Қайд этилдики, 2030 йилгача 25 гигаватт қувватдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш ва истеъмолда уларнинг улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган. Жорий йил 2 гигаватт қувватдаги йирик шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилмоқда. Бу эса иқлим ўзгаришлари ортидан келадиган зарар миқдорини имкон қадар камайтиришга доир халқаро чақирувларга Ўзбекистон беэътибор қолмаётгани, энг асосийси, қувватларни оширишда яшил иқтисодиёт инструментларидан фаол фойдаланишга қатъий бел боғлаётганини кўрсатади.

Эътиборлиси, бу мақсад йўлида йирик лойиҳаларга ҳам қўл урилмоқда. Жумладан, “яшил водород” ишлаб чиқариш соҳасида ҳам илк қадамлар ташлангани маълум қилинди. Санаб ўтилган йўналишларда Ўзбекистон барча давлатлар билан очиқ мулоқот ва тажриба алмашишга тайёрлиги таъкидланди.

Ўзбекистон томонидан ўртага ташланган ушбу таклифлар тобора беқарорлашиб бораётган дунёда ўрнатилаётган янги тартиблар фонида жиддий чақириқдир. Зотан, охирги ўн йилликда инсоният бошига келган синовлар, турли геосиёсий қарашларнинг тез-тез ўзгариб туриши, дунё сиёсий оламидаги кутилмаган ва кутилган “юришлар” давлатлар якка ҳолатда, изолацияланган кўйи ҳеч нарсага эриша олмаслиги, аксинча ўзаро ишонч ва тенг манфаатлилик асосида ҳамкорлик ривожланишнинг асосий шартига айланаётганини яна бир бор исботламоқда.

Тошкент саммити халқаро миқёсдаги кенг кўламли қарама-қаршилик, иккита бевосита уруш ва айниқса, таранг сиёсий вазиятда бўлиб ўтди. Бу учрашув ва унинг доирасида эришилган келишувлар дунё ҳамжамиятига Тошкентдан муҳим бир садо бўлди.

Садоки, уруш эмас савдо ҳар тарафни мақсадга етаклаши, тинчлик савдонинг энг асосий шартилигини, барқарорлик кафолати эса, ўзаро ишонч асосига қурилган тенг шериклик ва дўстлик ришталари эканлигини ифода этади.

 

Зулайхо АКРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш