Иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари

 

Ўзбекистон олиб бораётган тинчликсевар ташқи сиёсат мамлакатнинг изчил ва барқарор ривожланишини ҳамда бутун минтақа тараққиётини таъминлашга хизмат қилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Сўнгги йилларда иқтисодий барқарор ўсиш суръатлари, халқимиз фаровонлиги, ҳаёт даражаси ва сифатининг яхшиланиб бораётгани, шунингдек, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти даражаси юксалаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Ўтган ҳафтада Тошкентда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити пухта ўйланган бундай ислоҳотларни янада ривожлантириш бўйича янги босқични бошлаб берди.

Давлат раҳбарининг ташқи сиёсатдаги ташаббуси билан минтақамиздаги ва унга яқин давлатлар ўртасидаги ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиб бораётгани таҳсинга сазовор. Хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифлар бунга яққол мисолдир.

Ярим миллиард аҳоли яшайдиган кенг минтақамиз савдо-иқтисодий, саноат, инвестиция ва инновациялар, транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга. Президентимиз ўз нутқида ИҲТнинг асосий ҳужжати бўлган “Истиқболлар – 2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлади. Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида Ташкилотнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади.

Юртимизда етиштирилаётган боғдорчилик ва қишлооқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат корхоналари ишлаб чиқараётган товарларга жаҳон бозорида талаб бор. Уларни халқаро стандартларга янада мослаштириш ва савдо кўрсаткичларини ошириш учун имкониятлар етарли. Бироқ тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда.

Президент мана шуларни инобатга олган ҳолда вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун унга янгича қараш билан ёндашиш кераклигини таъкидлади. Шу муносабат билан экспертларимиз томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди.

Ушбу ҳужжатда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин. Бунинг учун минтақаларнинг йирик бозорлари билан боғлайдиган ва аъзо давлатлар ҳудудлари орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги бўйича мисоллар ҳам келтириб ўтилди.

Умуман олганда, мамлакатни иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, минтақада ва халқаро майдонда нуфузини ошириш билан боғлиқ долзарб таклифлар илгари сурилди. Бу муҳим эди. Чунки ривожланаётган мамлакатлар янги дунё тартибини шакллантиришда кўпроқ иштирок этиш имконига эга. ИҲТ эса ана шундай имкониятларни тақдим эта олади ва уларнинг энг самарали йўллар билан фойдаланиш ҳаётий заруратдир. Бу борадаги битимларнинг имзоланиши эса иқтисодий ҳамкорликнинг ёрқин истиқболидан дарак беради. Катта ишонч билан айтиш керакки, Тошкентда ўтказилган ИҲТ саммити ташкилотнинг ривожланишига, унга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва ўзаро шериклик янада мустаҳкамланишига хизмат қилди.

 

Нигора Эшметова,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси,

Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш