Мамлакатимизда ҳеч қайси ижтимоий қатлам эътибордан четда қолмаяпти. Кейинги йилларда “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида кучли ижтимоий ҳимоя тизими шаклланди.
Давлатнинг ижтимоий сиёсати жуда кенг доирадаги масалаларни ўз ичига олади, жумладан, аҳоли даромадларини тартибга солиш, иш билан таъминлаш ва янги меҳнат муносабатларини шакллантириш, аҳолининг айрим тоифалари ва гуруҳларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-кувватлаш, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, таълим ва бош қалар.
Жамиятнинг тўртта муҳим соҳаси мавжуд бўлиб, булар иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий жабҳалардир. Ана шулар ичида ижтимоий соҳа аҳолининг асосий эҳтиёжларига хизмат қилувчи тармоқлар мажмуи сифатида қамрови жиҳатидан ўзига хос хусусияти билан ажралиб туради.
Аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш масаласи жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим макроиқтисодий хусусиятларидан бири бўлиб, ҳозирги кундаги энг долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Амалдаги қонунчиликка асосан аҳоли бандлиги соҳасида давлатимиз иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш, ёшларни, таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича изчил сиёсат юритмоқда.
Мамлакатимизда фаол меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 19 миллион 453,3 минг нафар бўлиб, меҳнат билан банд бўлганлар сони 13 миллион 773,6 мингга яқин. Ишсизлик даражаси 2021 йил якуни бўйича 9,6 фоизни, 2022 йил якуни бўйича 9,2 фоизни ташкил этган.
Жамоат ишлари дастури бўйича 82 минг 602 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида режага нисбатан 114,2 фоизга ортиғи билан бажарилган. Бандликка кўмаклашиш дастури доирасида эса ярим йилликда 5 мингдан зиёд касбий-малакавий курслар ўтказилган ҳолда, режа 143,4 фоизга бажарилган.
Мамлакатимизда ишсизлик даражасини камайтириш ва аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, бизнесни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Амалдаги тартиб бўйича иш билан банд бўлмаган фуқаро маслаҳат олиш ёки иш изловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун бандлик органига мурожаат қилиши лозим. Ишсиз фуқаро расмий рўйхатга олингандан бошлаб унга ишсизлик нафақаси тўлаб берилмоқда. Оилаларнинг, фуқароларнинг оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолишининг олди олинмоқда. Бу яхши ва қонун талаби.
Аммо ҳаётда бошқача ҳолатлар ҳам учрамоқда. Баъзи фуқаролар фақатгина нафақа тайинланишини сўраб ташкилотга мурожаат қилади, тайинлангач эса иш ўрни сўраб қайта келмайди. Бундан баъзи фуқаролар “бандлик органига иш эмас, нафақа учун мурожаат қилмоқда”, деган хулосага келиш мумкин. Ҳатто норасмий даромад олаётган фуқаролар ҳам “маслаҳат олиш” учун мурожаат қилиб, аслида болалар нафақаси олаётир.
Шундай ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларга аниқ, манзилли ижтимоий ҳимоя кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш мезонига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Аввало, нафақа олувчиларнинг даромади ва мол-мулкини ҳар ойда электрон ахборот тизими орқали ўрганиш ҳамда кам таъминланганлик мезонларига тўғри келмайдиган оилаларни реестрдан чиқариш таклиф этилмоқда.
2024 йил 1 мартдан “маҳалла еттилиги” томонидан жойига чиққан ҳолда оиланинг номига расмийлаштирилмаган, бироқ фойдаланувида бўлган мол-мулклари ўрганилади.
Ўрганиш натижалари дастурга киритилади ва ахборот тизими томонидан нафақа тўловини тўхтатиш ёки давом эттириш бўйича автоматик қарор қабул қилиш тизими жорий этилади.
Шунингдек, бандлик органларига маслаҳат олиш учун мурожаат қилган ишсиз фуқаролар уч ой давомида касбга ўқимаса, ишсиз сифатида рўйхатга олинмаса ҳамда меҳнат фаолиятини расмийлаштирмаса, тўловни тўхтатиш таклиф этилмоқда.
Кредит олган, хорижда ишлаётган, томорқа ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан шуғулланувчи шахсларнинг солиқ органларида расмий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳамда Давлат персоналлаштириш марказининг электрон маълумотига асосан автоматик равишда бандлигини аниқлаш тартиби жорий этилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор билан жорий этилаётган ўзгаришлар адолатсиз равишда нафақаларни олиш ҳолатини бартараф этиб, муҳтож оилаларнинг ижтимоий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиради. Давлат томонидан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни аниқлаш ва уларга тўланадиган нафақаларни манзилли етказиб бериш учун ҳуқуқий замин яратади.
Алоҳида қайд этиш керакки, бу янгиликлар Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари амалга ошиши, электорати манфаатлари самарали ҳимоя қилинишида долзарб ижтимоий аҳамиятга эга бўлади.
Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 15.11.2023, №45