Халқ қабулхонаси депутатни халққа яқинлаштиради

 

Улуғбек ВАФОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқот ўтказиш, мурожаат ва таклифларни ўрганиш мақсадида сайлов округларида бўлиб қайтди. Таъкидлаш керакки, учрашувлар давомида бугунги кунда халқ билан мулоқотни янги босқичга кўтаришнинг нақадар муҳим эканига яна бир амин бўлдик.

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида «Жамият — ислоҳотларнинг ташаббускори» бўлиши кераклиги айтилди. Ҳақиқатдан ҳам, ислоҳотларнинг амалий самарасини ошириш, жойларда янги ғояларни илгари суриш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига монеълик қилаётган тўсиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда аҳоли фаоллиги муҳим ўрин тутади.

Парламент халқ вакиллари фаолият юритадиган даргоҳ. Унда қонунлар ишлаб чиқилади, фуқароларнинг муаммолари кўрилади, уларни ҳал этиш чоралари ҳақида ўйланади. Лекин қонун лойиҳаларини ҳаётдан келиб чиқиб муҳокама этишнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ҳақиқий ҳаётни, реал вазиятни кўрмасдан қонун ишлаб чиқиш ёки тасдиқлаш ҳар қандай ҳужжат ижросини амалиётга жорий этишда муаммоларни юзага келтириши мумкин.

Давлатимиз раҳбари бежизга халқ билан мулоқот – кўпчилик ўйлагандек, вақтинчалик тадбир эмас, балки давлат сиёсатининг барқарор устувор йўналиши, доимий эътиборда турадиган масала бўлиб қолишини таъкидлаб ўтмаган экан.

Мурожаатномада эндиликда ҳар бир давлат идоралари раҳбарлари ҳамда ҳокимларнинг мурожаатларни қай даражада ҳал қилаётгани ҳақидаги ҳисоботларини парламентда ва халқ депутатлари Кенгашларида мунтазам эшитиш тизими йўлга қўйилиши таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий алоқада бўлиши, сайловчиларнинг муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши кераклиги алоҳида таъкидланди.

Ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда иш олиб бориш муаммоларни ипидан игнасигача ўрганиш, уларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади, албатта.

Депутат бўлиб сайланган ҳудудим – Пайариқ туман Халқ қабулхонасида бир кун давомида мурожаатларни қабул қилиш жараёнида қатнашдим. Шу куни 100 га яқин мурожаат бўлди. Бизда депутат сифатида турли хил муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш имконияти туғилди. Очиғини айтиш керак, депутатлар сайлов округларида ўтказадиган сайёр қабулларда бундай имконият бўлиши қийин. Халқ қабулхонасида эса мурожаатлар билан ишлаш муҳити умуман бошқача. Халқ қабулхонаси бугунги кунда фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича самарали тизимга айланган.

Хўш, ундай бўлса, Халқ қабулхонасида Қонунчилик палатаси депутатининг ўрни нимада бўлади? Менимча, Қонунчилик палатаси депутати кўтарилаётган турли хил муаммоларни ўрганиши, таҳлил қилиши, қайси соҳага оид қонун ҳужжатларида бўшлиқлар борлигини аниқлаши ва қонун хужжатларини такомиллаштиришда ташаббус кўрсатиши лозим.

Мен мурожаатлар, юртдошларимиз билдираётган фикр-мулоҳазаларни тинглаб, таҳлил қилиб, иккита масалада амалий таклиф билан чиқиб, уларни амалга оширишимиз зарур экан, деган хулосага келдим.

Халқ қабулхонасида 20 га яқин ҳамюртимиз нафақа олиш масаласида мурожаат қилди. Маълум бўлишича, мурожаатчилар нафақа олиш учун арзирли ва асосли сабаблар мавжуд. Бироқ бу муаммо ечими орқага суриб келинмоқда. Қонунчиликда кам таъминланганлик даражасини кўрсатувчи аниқ мезон йўқ экани муаммоли ҳолатларнинг асосий сабаби бўляпти.

Демак, биз кам таъминганликнинг аниқ мезонини белгилашимиз, бунинг учун яшаш минимуми, истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартибини жорий этиш бўйича қонунчилик ташаббуси билан чиқишимиз лозим. Мазкур қонун қабул қилиниши орқали мамлакат миқёсидаги масала ечим топади, юртдошларимизни қийнаб келаётган муаммоли ҳолат бартараф этилади.

Яна бир масала. Қабулда ёшлар ҳам иштирок этиб, ўзларини қийнаётган масалалар хусусида мурожаат этди. Мутахассислар олий ўқув юртини тугатиб, ишга жойлаша олмаётганини айтишди. Масъуллар қишлоқлардаги бўш иш ўринларини таклиф қилишди, бироқ ёшлар олис қишлоқларда эмас, балки шаҳар жойда ишлаш истаги борлигини билдирди. Демак, биз олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига малакали ва тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида, бундай ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш механизмини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлашимиз ҳамда уни парламентдаги фракциямиз орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суришимиз лозим.

Хулоса қилиб айтганда, бир кун қабулда қатнашиб, депутатлар Халқ қабулхоналари билан биргаликда ишлаши керак, деган таклиф нақадар тўғри ва ҳаётий эканига амин бўлдим. Биз, яъни ижро ҳокимияти ва халқ вакиллари биргаликда ҳаракат қилсак, аҳоли манфаатлари йўлида жипслашсак, ҳал этиб бўлмайдиган камчиликнинг ўзи қолмайди. Ўз навбатида Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда ишлаш депутатларнинг сайлов округларидаги иш самарадорлигини янги босқичга кўтаришга, шу билан бирга, сиёсий партиялар фаолиятининг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш