Жиззах Политехника институти мажлислар залида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун ҳамда пропорционал сайлов тизимида гендер тенгликни таъминлашда энг муҳим жиҳатларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот учрашув ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ХДП фракцияси аъзоси У. Ўразбоев, Жиззах вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Шуҳрат Сулайманов, Жиззах вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ходимлари, Жиззах Политехника институти ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.Шунингдек, Қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланиши, яъни мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овоз билан депутатлар сайланиши таклифлари маъқулланди.
Учрашувда иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди.