Бузишда ҳам, қуришда ҳам қонунга риоя этиш зарур

 

Ҳужжатсиз уйларни қонунийлаштириш бўйича ўтказилган бир марталик акция ноқонуний уйларни расмийлаштиришда жуда катта воқеага айланди. Бу акция, таъбир жоиз бўлса, эзгу қадриятлар, ҳалол меҳнатга ҳурмат ифодаси бўлди. Давлат қадриятларни қадрлади, фуқаролар қонунга мувофиқ уй-жой тутиш кераклиги ҳақида огоҳлик белгисини олди.

Лекин, элчилик, ҳар хил одам бор. Шовқин-сурон кўтарсам, дод-вой солиб, айёрлик қилсам, осонгина уй-жойли бўлиб қоламан, деб хом ўйлайдиганлар ҳам топилаяпти. Эгаси бор, фойдаланишда бўлган ерларга девор ташлаб, “бу ер, бу уй меники, энди ҳужжатимни тўғирлаб бер”, дейдиганлар ҳам чиқиб турибди. “Бу жойни сиз эгаллаб олгансиз, ўзбошимчалик қилгансиз” дейилса, “бузмайсан, меники, ҳа, меники”, деб бақирадиганлар ҳам топиляпти. Ижтимоий тармоқларда ваҳима кўтариб, муддаосига етишни кўзлайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Ҳамманинг ўпкаси ўзи билан. Ваҳимачи кишилар ҳар доим учраб туради, лекин қонун ҳамма учун баробар бўлиши керак, шовқин-сурон кўтариб, қоидани четлаб ўтишга уриниш ярамайди. Ўзбошимча қурилган иморатлар бузилиши буёғига адолатдан бўлади. Бу масалада тушунтириш ишларини кучайтиришга зарурат юқори.

Шу билан бирга, ер олди-бердисида коррупцион ҳолатларни бартараф этиш ниҳоятда долзарб масала. Чунки битта шундай ҳолат бир неча кишининг фикрига  таъсир ўтказиши мумкин. Бошқача айтганда, ер, уй-жой билан боғлиқ қонун-қоидалар бойга ҳам, камбағалроқ оилага ҳам, таниши кўпу фақирроқларга ҳам бир хил бўлиши зарур. Шунда жамиятда аламзада одамлар кўпаймайди.

Охирги йилларда “уй-жой”, “шахсий мулк” тушунчалари билан “снос” тушунчаси ҳам ёнма-ён юрибди. Биров қонуний яшаб турган уйни бузиш уёқда турсин, унга тош отиш ҳам айб, ҳуқуқбузарлик. Шахсий мулк дахлсизлиги эса шахс дахлсизлиги билан чамбарчас боғлиқ бир масала. Бу ҳақда кўп айтилди, айтилиши ҳам керак. Қонунга кўра ким ҳақ бўлса, унинг ҳуқуқи ҳурмат қилиниши зарур. Бу масалада ҳеч қандай мунозарага ҳожат йўқ.

Лекин айрим кишилар шу мавзудаги шов-шувли воқеаларни ўз фойдасига буришга, ҳаммани чалғитиб, катта манфаатдорликка эришишга уринаётгани ҳам бор гап. Уйи бузилишини эшитиб, ўзига қўшиб, алоҳида чиқиб кетган тўрт-беш нафар боласига уй-жой сўраётганлар ҳақида хабардор бўлиб қоламиз. Ҳаммага инсоф берсинку, аммо бундай ҳолатларни қоралашимиз керак. Токи, бошқалар бундан ўрнак олмасин.

Яна бир масала. Шундай типдаги уйлар борки, техник муддати ўтиб кетганига бир неча ўн йил бўлган, “ҳа” деса нураб кетадиган ҳолатда. Бу каби уйларда яшаш ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин. Уларнинг ўрнига янги, замонавий шароитли уйлар қурилиши ҳар томонлама тўғри бўлади. Демак, ҳар доим ҳам “снос” деганда ёмонлик учун бузишни тушунмаслигимиз керак.

Шу масалада ҳаммамиз учун ягона тўғри йўл – бузишда ҳам, қуришда ҳам қонунга риоя этишдир.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш