Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Қорақўнғирот маҳалласидаги Чилимбоши қишлоғида 45-сонли мактабнинг янги битказилган биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу мактабни қайта қуриш, яъни давлат дастурига туширишга 26-Қорақўнғирот сайлов округи депутати, Ўзбекистон ХДП Касби туман кенгаши раиси томонидан 2019 йилда депутатлик сўрови орқали мурожаат қилиниб, эришилган эди.
Натижада лойиҳа қиймати 4,5 миллиард сўмлик умумий ўрта таълим мактаб биноси қуриб битказилди. Фойдаланишга топширилган янги мактаб биносидан қишлоқ аҳолиси жуда мамнун бўлди.
Мактабнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев ва сектор раҳбарлари, депутатлар, нуронийлар таълим соҳасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало ёш авлоднинг сифатли таълим олишига қаратилганини таъкидлашди.