2 кишига 200 та иш. Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги жуда керак пайтда ташкил этиляпти

 

Куни кеча давлат раҳбари ўтказган йиғилишда маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплиги таъкидланди. Ҳақиқатдан ҳам, оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги, эрта туғруқлар, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар самарали ечим топиши қийин масала бўлиб қолмоқда. Барчамизга маълум, маҳалла тизими жамиятимизнинг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади.

Лекин, ҳалигача оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизим йўлга қўйилмаган. Оила маҳалладан бошланади. Биз маҳалладаги муаммоларни бартараф қилмасдан туриб, катта ютуқларга эриша олмаймиз.

Шунингдек, бизнинг партиямиз электорати ҳисобланган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган инсонлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учрамоқда. Олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларимиз ҳали етарли эмас. Биз оилаларга чуқур кириб бора олмадик.

Бугун маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига 200 дан ортиқ вазифа юкланган. Лекин, бор-йўғи 2 та штат бирлиги билан шунча вазифани бажаришмоқда. Давлат раҳбари маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидлади. Ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди. Шунингдек, маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилишини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак. Шунда раис маҳалла ҳаётига чуқур кириб боради, муҳитни яхши томонга ўзгартира олади.

Алоҳида вазирлик ташкил этилиши натижасида жойларда муаммоларни ҳал қилиш бўйича яхлит ва таъсирчан вертикал тизим яратилади.

«Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз», «Ҳунармандчилик» дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этилади. Бу борада партия электоратимиз вакиллари ижтимоий муҳофазаси таъминланади, деб уйлайман.

Шунингдек, маҳалла раисига қўшимча ваколатлар берилиши назарда тутилди. Мақоми ва обрўси оширилса, албатта, маҳалланинг ишида ривожланиш бўлади.

Энди шуларнинг ҳаммасини бир жойга жамлаб фикр юритсак, маҳалла ва оила институтларига эътибор кучайиши, бу йўналишда алоҳида вазирлик ташкил этилиши жуда зарур ташаббус, деб ўйлайман.

Фақат асосий масала шундаки, янги вазирликнинг иши самарали бўлиши, халқимизга фойдаси тегиши керак. Бунинг учун ҳамма ташкилот, юртдошларимиз уларни қўллаб-қувватлаб, ёнида туриб ёрдам беришимиз зарур бўлади. Чунки орамизда маҳалла ривожланишига, оила мустаҳкамлигига бефарқ қарайдиган одам бўлмаса керак.

 

Халилла ЕШИМБЕТОВ,

ЎзХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси.

 
← Рўйхатга қайтиш