Бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари янада мустаҳкамланади

 

Болалар ҳар доим меҳрга, ғамхўрликка муҳтож бўлади. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ кафолатланиши шахс шаклланиши, давлат ва жамият истиқболи мустаҳкам бўлишида ниҳоятда муҳим.

Ҳуқуқий таъриф шундай: бола ҳуқуқлари – болага нисбатан инсон ҳуқуқлари тоифаси, ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкийлиги, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир бола эга бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ва эркинликлар.

Агар яхшилаб разм солсак, ушбу таъриф моҳияти Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларaциясининг асосий ғояларидан келиб чиқади. Декларациянинг 25-моддаси болаларга бағишланган бўлиб, "Оналик ва болалик алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам олиш ҳуқуқини беради", деб белгилаб қўйилган.

Халқаро даражада бола ҳуқуқларини махсус тартибга солишга қаратилган декларациялар ва конвенциялар кўп. 1924 йилда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Женева декларацияси, 1959 йилдаги Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги декларация, 1989 йилдаги Бола ҳуқуқлари конвенцияси кабилар шулар жумласидан.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари бўйича асосий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Сабаби, 10 йил давомида, яъни 1979 йилдан 1989 йилгача Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясида иштирок этган дунёнинг кўплаб мамлакатлари мутахассислари бола ҳуқуқлари тўғрисидаги янги ҳужжатнинг матнини ҳам ишлаб чиқишда қатнашдилар. Ҳужжатда боланинг жамиятдаги ҳаётининг барча жабҳалари максимал даражада ҳисобга олинган. Ва ниҳоят 1989 йил 20 ноябрда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ташкилот Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинди ва 1990 йил 2 сентябрдан кучга кирган.

Эътиборли жиҳати, давлатлар томонидан тарихдаги энг кўп ратификaция қилинган инсон ҳуқуқлари бўйича ҳужжатга айланди. Бу билан мамлакатлар дунё миқёсида болалар олдида тарихий мажбурият олишди. Натижада бутун дунё бўйлаб болалар ҳаётини ижобий ўзгартиришга ёрдам берди. Ўзбекистон Республикаси ҳам мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ, аниқроғи, 1992 йил 9 декабрда ушбу Конвенцияни ратификация қилди.

Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис, юртимизда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бола ҳуқуқлари кафолатларининг қонунчилик асослари бўлган Оила кодекси, “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги ва бошқа шу каби қонунлар қабул қилинди.

Улар орасида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун алоҳида аҳамиятга эга. Унда бола ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланиши билан боғлиқ муносабатлар иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари аниқ акс этган. Шунингдек, қонунда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсати, бола ҳуқуқларининг кафолатлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари каби болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси мустаҳкамлаб қўйилган.

Шу билан бирга, кейинги йилларда юртимизда бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилиб, болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилди. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди. Болалар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатларда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш, унинг камситилишига йўл қўймаслик, ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби давлат сиёсатнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Агар халқаро тажрибага эътибор берсак, дунёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан, Aвстрия, Белгия, Германия, Дания, Исландия, Испания, Россия, Норвегия, Финляндия, Швеция, Колумбия, Коста-Рика, Перу, Канада, Исроил ва Янги Зеландияда болалар бўйича Омбудсман институти фаолият кўрсатмоқда.

Президентимизнинг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти жорий этилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам бола ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш вазифаси ҳам ўз ифодасини топди. Хусусан, алоҳида бир боб — XIV боб оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишланган.

Бош қомусимизнинг 78-моддасида эса фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади, деб белгилаб қўйилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, миллий қонучилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатлари сони 40 дан, қонуности ҳужжатлари сони 500 дан ортиқни ташкил этади. Бу эса бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик билан ихтисослашган ҳолда иш олиб бориш ҳамда унинг ижроси бўйича таъсирчан механизмларни яратиш заруриятини юзага келтирди.

Сир эмаски, кўпгина хорижий мамлакатларда Болалар омбудсмани фаолияти махсус қонунлар билан тартибга солинади. Шу маънода Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Айни чоғда ушбу қонун лойиҳаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасида Болалар омбудсманини сайлаш тартиби, вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, фаолиятининг асосий жиҳатлари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги белгиланмоқда. Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти алоҳида моддада кенг тарзда баён этилмоқда.

Кейинги вақтларда болалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, болага қарши жиноятлар учраётгани сир эмас. Ушбу ҳолатларда боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафили бўлиши нуқтаи назаридан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган, суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокуратура ва суд билан ҳамкорлиги ҳам белгилаб қўйилмоқда.

Умуман олганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамлайди. Энг муҳими, болалар ҳуқуқларини амалга ошириш соҳасидаги ислоҳотларни тўлдиради, ҳимояга энг муҳтож болаларга ғамхўрлик кўрсатишга асос бўлади.

 

Фирдавс  ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг

ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси  раиси ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш