Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари ҳуқуқлари давлат ҳимоясида

 

Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ҳамда 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ХДП фракцияси аъзоси У. Ўрабоев ташаббуси билан Жиззах вилоятининг «Нурли маскан» мактаб интернатида «Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари ҳуқуқлари давлат ҳимоясида» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Таъкидланганидек, Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат этиб белгиланганлиги, мамлакатимизда ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва бирдамлик, адолат принциплари асосида муносиб яшаш шароитлари яратилишининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Ижтимоий давлат бу сифатли таълим, малакали тиббий хизматлар, оилалар, болалар, хотин-қизлар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб бериш, қолаверса, энг долзарб бўлган вазифалардан бири ҳисобланмиш камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат сиёсатидир.

Тадбирда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистонда таълим тизимини янада яхшилаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши ҳақида ижтимоий норма киритилганлиги бу борадаги ислоҳотларни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Айниқса, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилиши шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳимдир.

Ўқувчилар томонидан ижро этилган қизиқарли куй-қўшиқлар, шеър ва саҳна кўринишлари кўпчиликка кўтаринки кайфият улашди. Якунида фаол иштирокчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У. Ўрозбоев ва Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш