Яшаш минимуми ҳақида қонун лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилади

 

Бугун парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари билан бирга, Иқтисодиёт ва саноат, Соғлиқни сақлаш, Молия вазирликлари мутасадди вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, шунингдек, партиянинг ҳудудий ва Марказий Кенгаши масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ҳамда уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу масала бўйича Халқ демократик партияси фракцияси ва Марказий Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳнинг дастлабки ҳисоботи эшитилди.

Бугунги кунда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” тўғрисида қонун қабул қилинишига қандай зарурат бор?

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган.

Мазкур Конституциявий норма амалда ишламади, тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни белгилаш мезонлари шу вақтга қадар аниқланмади. Бу борада миллий қонунчилигимиз ҳам, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳам халқаро амалиётдан жуда орқада қолди.

Иккинчидан, Президент Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистонда илк бора камбағалликни камайтириш чоралари кўрилиши зарурлиги таъкидланиб, бу бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Эндиликда халқаро ташкилотлар билан бирга камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади. Бунинг учун биринчи навбатда камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонларини белгилаш, яъни “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” ҳақида алоҳида қонун қабул қилиниши зарур.

Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, шу масалада партия фракцияси орқали қонунчилик ташаббусини илгари суриш вазифаси белгиланган.

Халқ демократик партияси фракцияси ушбу муҳим вазифани бажаришга киришган. Депутатлар, партия фаоллари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”ни белгилаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини амалга оширмоқда.

Маълумки, “истеъмол саватчаси” - муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товар ва хизматларнинг энг кам тўплами ҳисобланади. Бу борадаги минимал меъёрлар тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни (истеъмол саватчасининг қиймат баҳосини) белгилаш учун асос бўлади.

“Истеъмол саватчаси” бир инсон ёки оила учун маълум бир вақтга, масалан, бир ойга зарур маҳсулотлар ва хизматлар бўлиб, кўп давлатларда унинг умумий қийматига кўра аҳолига ижтимоий нафақалар белгиланади. Шунингдек, “истеъмол саватчаси” инсон учун етарли миқдорда озиқ-овқат, дори-дармон каби ҳаёт учун зарур воситалар мажмуасини англатиб, унинг миқдор ва таркиби турли давлатларда турличадир. “Яшаш минимуми” миқдори эса “истеъмол саватчаси” қийматига асосан белгиланади.

Масалан, АҚШда истеъмол саватчасига 300 хил, Францияда — 250, Англияда — 350, Германияда — 475, Россияда эса 156 хил маҳсулот ва хизматлар “истеъмол саватчаси”дан жой олган.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистонда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”ни белгилашнинг ўзига хос жиҳатлари, бу борада ҳудудларда ўтказилган эксперимент натижалари, бир киши учун бир ойга зарур бўладиган энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал миқдори ва бошқа муҳим масалалар бўйича мутасадди вазирликлар вакилларининг ахборотлари тингланди.

Партия фракцияси аъзолари халқаро тажрибага мос равишда “истеъмол саватчаси” меъёрларини аҳолининг 3 та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи, яъни меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлашди.

Кенгайтирилган йиғилишда “истеъмол саватчаси” таркиби қисмларга бўлинган ҳолда атрофлича муҳокама қилинди. Одатда “истеъмол саватчаси” 3 қисмдан, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар (кийим-кечак, пойабзал, дори-дармонлар) ва коммунал, транспорт, маданий-маърифий хизматлардан иборат бўлади. Мамлакатимизда бу борада минимал меъёрларни белгилашда ҳудудлардаги турмуш маданиятининг ўзига хос жиҳатларини алоҳида эътибор олиш таклиф этилди.

Шунингдек, аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини халқаро нормаларга мувофиқ ишлаб чиқиладиган “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми”га мақбуллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ ҳисоботи маълумот учун қабул қилинди.

Йиғилишда ишчи гуруҳ зиммасига қисқа муддатда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” тўғрисидаги қонун лойиҳаси концепциясини тайёрлаш вазифаси юклатилди. Бу ҳақда Халқ демократик партияси фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш