Cаҳоват, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, хусусан кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган болаларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан тасдиқланган “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” IV-бобида “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналиши”нинг 66-мақсадида, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш белгиланган. Ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари деган тамойил давлат сиёсати даражасида амалга оширилмоқда.

Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида яшашини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

ЎзХДПнинг сайловолди платформасида, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган аҳоли қатлами, биринчи навбатда ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи Ожизлар ва Ўзбекистон Карлар Жамиятлари билан ҳамкорликда меъморандумлар имзоланди.

Партиянинг Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ногиронлиги бўлган шахсларни эъзозлаш, уларнинг атрофида эҳтиромли муҳит ҳосил қилиш, зарур моддий, маънавий, тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришда фаол қатнашиш, уларнинг ҳаёт даражасини яхшилашга ҳалақит бераётган муаммоларни аниқлаш, жумладан, пенсия тўловларида, соғломлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва дори-дармонлар билан таъминлашда вужудга келаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиб келмоқда. Жумладан,

- ногиронлиги бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилиши устидан назорат ўрнатилди;

- ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш масаласида ишлар амалга оширилиб борилмоқда;

- ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни яхшилаш масаласида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда;

- ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчи транспортининг бекат ва йўналишларини овоз ёрдамида эълон қилиш орқали қулайликлар яратиш юзасидан автобуслар харид қилиш ишлари бошланди;

- келгусида ишлаб чиқариладиган миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда махсус ускуналар билан қайта жиҳозланиши борасида ишлар олиб борилмоқда.

Давлат томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар қўлланилиши жорий этилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Хабарларингиз бор, мазкур қонунни қабул қилишда партимизнинг барча даражадаги фаоллари ва депутатлари иштирок этишди. Қонун кучга кириши билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашди, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани оладиган бўлди. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади. Протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда уларга шароитлар яратилади. Улар учун таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар кўзда тутилади.

Ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан “3-декабр - Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан меҳр-мурувват ойлигини ўтказиш орқали кенг нишонлаш кўзда тутилган ҳужжат қабул қилинади. Меҳр-мурувват ойлиги давомида партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик бирлашмалари томонидан кўплаб тадбирлар амалга ошириш кўзда тутилади.

Энг муҳими, биз ногиронлиги бўлган шахсларнинг камситилишлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқмоқдамиз.

 

Боймурд Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш