Янги тизим эски муаммоларни ҳал қилиши керак

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини, обрўси ва мавқеини кучайтириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. 12 февраль куни шу вазифа юзасидан ўтказилган йиғилишда соҳани ислоҳ қилиш нима учун муҳим экани тушунтириб берилди.

Маҳалла институтига қанча эътибор берилмасин, маҳаллаларимизда муаммо ва камчиликлар йиғилиб қолганидан кўз юмиб бўлмайди. Сабаби оддий маҳалла билан доимий ишлайдиган, уларни эшитиб, ёрдам берадиган изчил тизим йўқ.

Шу боис, Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилиши бу борадаги муаммолар ечимига йўл очиши керак. Ҳозир хотин-қизлар қўмиталарида, маҳаллаларда меҳнат қилиб келаётган аёлларимизнинг мавқеини кўтариш, моддий шарт-шароитлар яратиш ва уларнинг иш ҳақларини ошириш масалалари маҳаллаларимиз бошчиларининг кўнгли ва кайфиятини кўтарди, деб ўйлайман.

Фуқаролар йиғини раисининг сайланиш муддатини уч йилдан беш йилга узайтириш таклифи маҳалладаги муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш, тадбиркорлик ва томорқа маданиятини ривожлантириш, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга, албатта.

Дарҳақиқат, бугун маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришимиз шарт. Бу жараёнда партиямиз, депутатларимиз фаол иштирок этиши зарур, деб ҳисоблайман. Электоратимиз манфаатларини маҳаллаларда ҳимоя қилишимиз керак.

Таклифим: халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қошидаги Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалари доимий комиссиялари ҳар чоракда ўрганишлар ташкил этиб, масъул шахсларнинг ҳисоботини эшитса,  шу ишларни тизимли йўлга қўйса, эзгу мақсадга ҳар томонлама мувофиқ бўлар эди.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш