Ижтимоий бирдамлик руҳи

 

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Бу йил Конституция куни байрамини алоҳида ғурур-ифтихор билан кутиб олишга катта тайёргарлик кўряпмиз. Боиси, жорий йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида Бош қонунимизни янги таҳрирда қабул қилдик ва халқимиз манфаатлари, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида конституциявий асослар яратдик.

Дунёда мураккаб, давлатлар ва халқларни оғир синовларга дучор қилаётган воқеа-ҳодисалар рўй бераётган бир пайтда Ватанимизнинг муносиб ўрин ва мавқега эришиши осон бўлаётгани йўқ. Таҳликали замонда Конституциямиз халқимиз ижтимоий бирдамлиги, давлатчилигимиз мустаҳкамлигининг энг муҳим асосларидан биридир. Бош қонунимизда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлар таъминланиши йўлида, айниқса, кейинги йилларда улкан натижаларга эришилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўтган даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлигини таъминлаш сиёсатимизнинг асосий йўналишига айланди. Ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими яратиб бериш ҳаётий мақсадга йўғрилди. Шунга монанд равишда юртдошларимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ошди. Қисқача айтганда, Конституциямиз қабул қилинган даврдан буён дунёда, жамиятимизда кўп нарса ўзгарди, янгиланди.

Шу боис, Конституциямизни янада такомиллаштириш ташаббуси фаол қўллаб-қувватланди. Зеро, мамлакатимизда халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини янада демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш, давлат органларининг халқ билан бевосита мулоқот асосида фаолият юритишини кафолатлаш ҳаётий эҳтиёжга айланган эди. Айниқса, ижтимоий ҳимоя масалаларида янгилик қилиш, ислоҳотларни янги босқичга кўтариш зарурати юзага келганди.

Янгиланган Конституциямиз биринчи маротаба халқимиз таклифларидан келиб чиқиб шаклланди. Уни юртдошларимизнинг ўзи тузди, уларнинг муаллифлиги асосида ишлаб чиқилди, десак тўғри бўлади. Бу Бош қонунимиз қадрини, унга меҳрни ниҳоятда оширди. Унда одамларимизнинг хоҳиш-иродаси, орзу-интилишлари ўз аксини топди.

Конституциямизнинг янги таҳрирда қабул қилиниши инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш йўлидаги ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш, янги Ўзбекистонни бунёд этишда тарихий аҳамиятга эга бўлди. Инсонни қадрлашга йўналтирилаётган изчил сиёсат Конституция меъёрларининг рўёбга чиқишида ҳаётий аҳамиятга эга бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат.

 

Янги нормалар инсон қадри учун

Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади ижтимоий давлат қуриш экани белгилаб берилди. Ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойиллари жорий этилиши орқали эса жамиятда тенглик муҳити яратилишига эришилади.

Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилди. Давлатнинг бу борадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробар ошди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясида мутлақо янги механизмлар жорий этилди. Ижтимоий ҳимоя тизими кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланиши тарихий ютуқ сифатида баҳоланди. Бунга биз ҳудудларда, маҳаллалардаги учрашувларда кўп бор гувоҳ бўлдик.

Ижтимоий давлат деганда қандай давлатни тушунамиз? Халқнинг тинчлиги, соғлиғи, билими, таълим-тарбиясини, уй-жойли бўлиши ҳамда бандлигини таъминлайдиган, меҳнати учун муносиб ҳақ тўлайдиган давлат назарда тутилади. Энг асосийси, Бош қонунимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани биринчи моддадаёқ қатъий белгиланди. Кейинги моддаларда ҳам бу қоида ўз аксини топди. Хусусан, ҳар ким меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани кафолатланди.

Давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоялаш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгиланди. Ўзбекистон фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақли экани кафолатланди.

Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар кўпайди. Бу янгиланган Конституциямиз халқимизга янада фойдали бўлишини англатади.

 

Энг ишончли ҳимоя

Аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, биринчи навбатда, камбағалликни қисқартиришни, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини кўтаришни тақозо қилади. Кам даромадли оилаларни камбағалликдан чиқармасдан, уларнинг жамиятга муносабати, умумий дунёқарашини ўзгартирмай туриб, турмуш сифатини яхшилаш мушкул масала. Чунки камбағаллик халқнинг соғлиғи, давлатнинг имкониятлари, фуқароларнинг устувор ҳуқуқлари таъминланиши, умумий салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ масаладир. Шу жиҳатдан айтадиган бўлсак, камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар самарадорлиги, давомийлиги Конституциямизда кафолатланди.

Ўзбекистонда яқин йилларгача камбағаллик расман тан олинмаган. Натижада унга қарши бирор амалий чора кўрилмаган. Президентимиз эса мамлакатда камбағал қатлам борлигини расман тан олди, фуқароларни камбағалликдан чиқариш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.

Камбағалликка барҳам беришнинг муҳим шартларидан бири аҳолини иш билан таъминлашдир. Тўғри, ишсизлик, камбағаллик ҳамон бор. Камбағалликни қисқартириш осон ва бирданига бўладиган жараён эмас. Унга қарши курашиш тизимли бўлиши лозим. Айнан мана шу жиҳат Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди. Давлат ўз фуқароларини иш билан таъминлаш, уларни камбағаллик ботқоғидан чиқариш, профессионал касб ўргатиш масъулиятини ўз зиммасига олди.

Депутат сифатида ҳудудларга борганда, маҳаллалардаги ҳаётнинг ичига кириб таҳлил қилганда, бир оиладаги вазиятни ўзгартириш, аҳоли даромадларини ошириш қанча ресурс ва меҳнат талаб этишини чуқур тушуняпмиз. Давлатнинг катта ресурс ва имкониятлари шу йўналишга сарфланаётган экан, бу борадаги ишлар тизимли тус олиши лозим, қандайдир сабаблар билан тўхтаб қолиши керак эмас. Конституциямиз ушбу йўналишда ҳам кўплаб муаммоларга кескин чора кўришда энг муҳим ва тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат бўлишига шубҳа йўқ.

Мана шу меъёр ҳам Конституциямизнинг муҳим ютуқли жиҳатларидан бири, деб биламиз. Чунки камбағалликни қисқартириш борасида бошланган изчил, шу билан бирга, осон бўлмаган давлат сиёсати тўхтаб қолмаслиги кафолати мустаҳкамланди.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясига мувофиқ, 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилдагига нисбатан икки баробар, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш режалаштирилмоқда. Шу асосда ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилди. Бу борада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни, уларга киритилган фуқаролар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Энг муҳими, одамларда эркин меҳнат қилиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик ҳисобидан камбағалликдан чиқиш тажрибаси ва кўникмаси шаклланмоқда.

Шундан келиб чиқиб, биз фаолиятимизда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган аҳоли ва ёш оилаларга яратилаётган имкониятлар, минимал истеъмол харажатлари билан боғлиқ камчиликлар таҳлили каби электорат манфаатларига доир масалаларга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш йўлида фойдаланиш керак. Ресурслар тўғри сарфланиши халқ манфаатларига хизмат қилади. Халқимизнинг турмуши яхшиланиши кўп жиҳатдан шу масалага ҳам боғлиқ. Шунинг учун Конституциямизда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади ижтимоий давлат қуриш экани белгилаб берилгани партиямиз нуқтаи назарига кўра, ҳар томонлама тўғри бўлади.

 

Ҳуқуқлар кафолати – орзулар рўёби

Уйжойли бўлиш халқимиз учун ҳаётдаги энг муҳим, энг эзгу мақсадлардан. Шу масаланинг Конституциямизда акс этиши, ўйлайманки, ҳар бир юртдошимизни мамнун қилади. Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги олий ҳуқуқ даражасига кўтарилди. Айтиш керакки, дунё конституцияларида бундай меъёрлар кам учрайди.

Бу масалада 20-25 йил давомида шаҳар жойларда ҳам, қишлоқларда ҳам муаммолар тўпланиб қолган эди. Бир уйда 2-3 оила сиқилиб яшаётган ҳолатлар оз эмасди. Оқибатда бундай оилаларда бошқа муаммолар ҳам келиб чиқарди. Шунинг учун бу масалага эътибор кучайди. Аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида турар жойлар қурилмоқда. Ўтган йили 60 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш дастури бошланди. Конституциямизда уй-жой таъминоти бўйича мустаҳкамланган меъёрнинг амалга ошиши ана шундай муаммолар билан юрган қанчадан-қанча юртдошларимизни қувонтирди.

Конституцияга кўра, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.

Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароит яратади. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади ва бу Ўзбекистон ижтимоий давлатга айланишига хизмат қилувчи жуда муҳим, ҳаётий меъёрлардан биридир.

Жамият тараққиёт билан юзлашгани сари одамларнинг онги, дунёқараши ҳам ўзгаради. Бу табиий ҳол. Бугун халқимиз хаёлий орзулар билан эмас, реал мақсадлар билан яшамоқда. Кўпчилик эртага, умуман, келажакда эмас, айнан бугун имконият ва кафолатларга эга бўлишни истайди. Шунинг учун ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлар кафолатланиши жуда муҳим.

Аниқ мисолларга тўхталайлик. Конституциямизда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани, суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши белгиланган. Болаларимиз керакли билимга эга бўлиши учун таълим тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш билан боғлиқ қатор меъёрлар ҳам Бош қонунимиздан жой олди. Айниқса, боланинг то вояга етгунча илм олиши, тарбияси, саломатлиги учун ота-она жавобгар экани билан боғлиқ меъёрлар ҳам белгилангани қатор ижтимоий масалаларни ҳал қилади.

Ҳар бир мамлакатда сифатли тиббиёт тизими мавжудлиги жуда муҳим. Фуқаролар зарур пайтларда тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши лозим. Шу сабабли Конституцияда фуқаролар давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишга ҳақли экани белгиланиши фуқароларда давлатга ишончни оширади, деб ўйлайман.

Конституциямизга мувофиқ, давлат тиббиёт соҳасига оид энг муҳим вазифаларни ўз зиммасига олиши оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим ўрин тутади.

Юқоридаги мисоллардан яққол сезиладики, янгиланган Конституциямиз халқимизнинг бугунги ҳаёти ва эҳтиёжларига янада яқинлашди. Бу сиз-у бизнинг ҳуқуқ ва манфаатларимизни кафолатлабгина қолмай, жамиятимизда ижтимоий бирдамлик руҳини кучайтиради. Содда қилиб айтганда, бу Конституциямиз янги Ўзбекистон қандай мамлакат бўлиши ҳақидаги саволларга жавоб бўлди.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари.

«Янги Ўзбекистон», 2.12.2023, 251

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш