Сув, иш, чироқ... Қўнғиротда сайёр қабул

 

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида “Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республика кенгаши масъул ходимлари, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дарханов, партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан мутасаддилари аҳаоли мурожаатларини ўрганди.

Тадбир давомида ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар алоҳида секцияларга бўлиниб, фуқароларни қабул қилишди.

 

Фуқаролар мурожаатларига диққат қаратсак:

– Бизнинг «Адабиёт» маҳалла фуқаролар йиғинида ичимлик суви, газ йўқ, – дейди маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Жуманазар Зарликов. – Шунингдек, ички йўлларимиз ҳам таъмиирталаб. Бизга ана шу масалаларни ҳал этишда ёрдам берсангиз...

– “Таллиқ” маҳалласида 3320 аҳоли яшайди, – дейди маҳалла котиби Пўлат Қазақбаев. – Энг асосий кўчаларимизнинг бири – С.Сейтжанов кўчасида 7 км. йўлимиз таъмирталаб бўлиб қолган. Ушбу масала юзасидан мурожаат қилмоқдамиз...

– Мен Қозоғистон Республикаси Чимкент вилоятидаги олий таълим муассасаси талабасиман, – дейди Бозорбой Абдурахманов. – Ўзбекистондаги олий таълим муассасисининг бирига ўқишимни ўзгартиришга ёрдам сўрамоқдаман...

– Мен “Таллиқ” маҳалласида яшайман, - дейди фуқаро Жумабой Мирзабаев. – Икки қизимни ишга жойлаштириш муаммо бўлиб турибди. Бу масалада туман ҳокимига мурожаат қилган эдим. Натижа йўқ. Ишга жойлаштиришда ёрдам берсангиз...

Албатта, мутассадилар томонидан аҳоли мурожаатларига ечим топиш чоралари кўрилади, бу борада депутатлик назорати ўрнатилади.

– Қўнғирот тумани аҳолиси билан учрашув ва очиқ мулоқот ташкиллаштирмоқдамиз, – дейди ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. – Маҳаллаларда ечимини кутаётган масалалар, хусусан, кўча ва йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва сув таъминотини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан келиб тушган мурожаатлар ўрганиб чиқилмоқда. Уларга ижобий ечим топишга ҳаракат қиламиз.

– Туманимиздаги 34-сон мактаб ихтисослашган бўлиб, 290 ўринга мўлжалланган. Бугунги кунда 650 ўқувчи икки сменада ўқиб келмоқда, -дейди шу мактабнинг директор ўринбосари Илҳам Алланиёзов. –Мактабимизнинг биносини кенгайттириш масаласи бизни қийнамоқда. Болалар мактабга сиғмаяпти. Шунингдек, инглиз тили фани ўқитувчилари етишмайди. Бундан ташқари, мол бозор мактабга яқин жойда жойлашган. Ана шу масалалар бизни қийнаб келмоқда...

Мутасадди ва депутатлар шу каби мурожаатларни ҳал этиш бўйича қатъий ҳаракат қилишга келишиб олишди.

 

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш