Нуронийларга эътибор халқчил сиёсатнинг узвий давоми

 

Ёши улуғлар билан маслаҳатлашиб иш тутиш, иш бошлашдан олдин уларнинг дуосини олиш энг эзгу анъаналаримиздан. Бунинг маъно-моҳияти “Қари билганни пари билмас” нақлида ҳам яққол акс этган. Азалдан халқимиз кўплаб эзгу ишларида кўпни кўрган отахону онахонларнинг маслаҳатлари, тавсияларига таянади.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини, нуронийларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Аслида, бу юртимиздаги халқпарвар ишларнинг узвий давомидир. Бугунги кунда мамлакатимизда 3 миллиондан ортиқ нуроний истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бирига ғамхўрлик қилиш, саломатлигини асраш алоҳида эътиборда.

Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ҳар йили санаторийларда даволаниши, кам таъминланган нуронийларнинг доридармон ва ортопедия мосламалари, жарроҳлик амалиётлари харажатлари давлат томонидан қоплаб берилаётгани, кексаларнинг жисмоний машқлар билан шуғулланиши, театр ва музейларга бориши, диёримиз бўйлаб саёҳат қилиши учун енгилликлар белгилангани юртимизда инсон қадри ҳақиқатда ҳам юксалиб бораётганини англатади. Дунё миқёсида давом этаётган зиддиятлар, пандемиядан кейинги мураккаб молиявий танглик шароитида кексалари, пенсионерлари ҳақида қайғуриш ҳар бир давлатнинг ҳам қўлидан келмайди. Бугун ҳатто Европанинг ривожланган давлатларида пенсияга чиқиш ёши узайтирилгани фикримизни исботлайди.

Давлатимиз раҳбари эса ўз лавозимига киришганининг илк давриданоқ кекса авлод вакилларига алоҳида меҳр кўрсата бошлади. 2016 йил декабрь ойида “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам нуронийларимиз ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, “Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгалиги, ҳужжатда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги”, “Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида” экани, “Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги” белгиланди.

Бугун нуронийларимиз ижтимоий ҳаётда жуда фаол. Айниқса, маҳаллаларда уларнинг ўз ўрни, айтар сўзи ва сўзининг салмоғи бор. Уларнинг ҳаёт тажрибаси, рўзғор паст-баландини яхши билиши ёшлар учун мактаб вазифасини ўтайди. Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида вилоят, туман ва шаҳарларда жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилиши кўзда тутилди. Қарорга кўра, вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари “Нуроний” жамғармаси бўлимлари Васийлик кенгашлари раиси этиб белгиланди, жамғарманинг вилоят, туман (шаҳар) бўлимлари раисларига эса ҳоким маслаҳатчиси мақоми берилди. Тошкент шаҳридаги маҳаллаларнинг барчасида “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари тузилди. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ, ёшлар ҳар бир маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга, замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга бириктирилди.

Шунингдек, умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасалари, мактабгача таълим ташкилоти маънавий-тарбиявий ишларига нуронийлар ёрдам беряпти. Бу фаолларимиз таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарслардаги иштироки ва ўзлаштиришини ўрганяпти. Шу асосда ўқитувчилар ва ота-оналарга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Дарсларга сабабсиз қатнашмаётган ёки мунтазам дарс қолдирадиган, тарбияси оғир ёшлар билан уларнинг хонадонларига бориб, ота-оналари иштирокида суҳбатлар ўтказилди. Маҳаллалардаги ўрганишлар натижасида ажрашиш ёқасига келиб қолган, ичкиликка берилган, оилавий келишмовчилиги бўлган нотинч оилалар аниқланиб, уларнинг ҳар бирига “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг бир нафардан аъзоси бириктирилди.

Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, оилалардаги келишмовчилик ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олишда кексалар, ўрта ва ёш авлод вакиллари иштирокида ўтказилаётган “Уч авлод учрашувлари” ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Нуронийларнинг ёшлар билан ишлаш тажрибаларини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида “Бир нуроний ўн ёшга масъул” кўрик-танловларини ўтказиш анъанага айланди.

Давлатимиз раҳбари қарорида нуроний ва фахрийлар, айниқса, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан ҳам вазифалар белгилаб берилган. Шу асосда ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларнинг рўйхатлари маҳаллабай тарзда шакллантирилди. Ўнлаб ёлғиз кекса республикамизнинг турли санаторийларида “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан дам олиб, соғлиғини тиклаб келди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри туманларида кексалар учун бепул тиббий кўриклар ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида фахрийлар иштирокида спорт мусобақалари уюштирилди. Шунингдек, кексаларнинг республикамиз бўйлаб саёҳатларини ташкиллаштириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳри бўлими маблағлари ҳисобидан 800 га яқин нуронийнинг Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Хива каби қадимий шаҳарларга, Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига, Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрига зиёратлари, саёҳатлари уюштирилди. Нуроний отахон ва онахонларимиз маданий ҳордиқ чиқариши учун театрларга ташрифлар ташкиллаштирилмоқда.

Тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган юртимизда ёши улуғларни эъзозлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, соҳага оид 10 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди, нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фахрий мураббий” ордени ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилди.

Кексалар учун “Нуронийлар маскани” мажмуалари ташкил этилди, барча ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўлиқ миқдорда тўлаш тартиби йўлга қўйилди. “Кексалар ҳафталиги” ва “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш

анъанага айланди. Бунга жавобан фахрийларимиз жамият ҳаётида ўз фаолликлари билан ёшларга ибрат бўлишга ҳаракат қилмоқда. Ўз ҳаётий тажрибалари, қимматли маслаҳат ва ўгитлари, шахсий ибратлари билан барча соҳаларда амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам ибратли ишлари, кўп йиллик тажрибаларини амалга татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Қарорда нуроний отахон ва онахонларнинг айни кўнглидаги масалалар эътироф этилган ва бу муҳим ҳужжат кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшиши табиий.

Шаҳримизнинг ҳар бир маҳалласидаги нуронийлар орасида фидойи инсонлар бор, улар кўпчиликни ташкил этади. Буни маҳаллалардаги ободончилик, яратувчанлик ишларидаги иштирокида ҳам кўриш мумкин. Шаҳримизнинг ҳар бир масканида “Яшил макон” акцияси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудудларимиз яшиллиги таъминланмоқда.

“Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳри бўлими томонидан пойтахтимизда фахрийларимиз учун “Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви”, “Бир пиёла чой устида” каби ўнлаб тадбирлар ўтказилди. Уларда ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этган нуронийларимиз, фахрийларимиз қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганларга мукофотлар топширилди, санъат усталарининг чиқишлари ташкил этилди. 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фахрийларни туғилган кунлари билан табриклаш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш, спорт билан шуғулланадиган кексаларга уларнинг абонемент тўловлари, ёлғиз пенсионерларнинг даволаниши ва жарроҳлик амалиётлари учун кетадиган харажатлар қоплаб берилиши каби қатор савобли ишлар учун 2022 йилда “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳри бўлими томонидан 1,814 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.

Кекса авлод вакилларига давлат ва жамият томонидан диққат-эътибор, ғамхўрлик кўрсатишнинг изчил ва тизимлилиги, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш янада кучайтирилгани натижасида аҳоли фаровонлиги ошди ва турмуш сифати яхшиланди.

Ота-боболаримиз, нуроний буви ва онахонларимиз бизнинг борлигимиз, бойлигимиз, давлатимиз. Қариялар қадр топган хонадон ва мустақил диёрда ҳамиша меҳр-оқибат, қут-барака ҳамда тинчлик-хотиржамлик бўлади.

 

Рустам КАЛОНОВ,

“Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳри кенгаши раиси,

сенатор, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

«Янги Ўзбекистон», 3.12.2023, №252

 

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат
← Рўйхатга қайтиш