Аёллар ижтимоий ҳимояси – ижтимоий фаоллик пойдевори

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси билан Когон тумани Тараққиёт маҳалла марказида “Аёллар ижтимоий ҳимояси — ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусида хотин-қизлар форуми ташкил этилди. Унда партия фаоллари, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар иштирок этишди.

Форумни ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси Зулфия Туйева кириш сўзи билан очди. Таъкидландики, ёшлар, жумладан хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг усувор вазифаларидан биридир. Жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш ва манзилли қўллаб-қувватлаш, инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш орқали партиямиз электорати ҳисобланган эҳтиёжманд фуқаролар хонадонига бориб, улар ҳолидан хабар олиб туриш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган мазкур форумда мингдан зиёд хотин-қиз иштирок этди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар учун янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди. Форум давомида вилоят Бандлик Бош бошқармаси ҳамда тижорат банклари ҳамкорлигида “Ишга марҳамат!” лойиҳаси доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Унда ёшлар ва хотин-қизлар учун бўш иш ўринлари таклиф этилди. 

Форумнинг иккинчи қисмида туман чекка ҳудудларида истиқомат қиладиган кам таъминланган, кўп болали, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, оналар ва болалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Кўрик давомида Бухоро давлат тиббиёт институтининг тор доирадаги мутахассислари томонидан 1000 нафардан ортиқ хотин-қиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Касаллиги аниқланган аёлларга даволанишлари учун мутахассислар томонидан тавсия ва йўлланмалар берилди.

—Туманнинг Қуйи Ҳоми қишлоғида яшайман, — деди тиббий кўрикдан хуш кайфиятда чиққан кекса онахон Ҳалима Изомова. — Ёшим 81да. ХДП томонидан ташкил этилган тиббий кўрикдан ўтдим. Шифокорлар соғлиғим борасида талайгина маслаҳатлар беришди. Бепул УЗИ, ЭКГ дан ўтдим. Ўзим учун керакли маслаҳатларни олдим. Саломатлигим борасида бир оз муаммоларим бор эди. Шифокорлар ёрдамида тегишли муолажаларни бепул оладиган бўлдим. Шундай кўриклар кўпроқ ташкил этилса яхши бўларди.

— Тиббий кўрик ҳақида эшитиб қишлоғимизнинг 10га яқин хотин-қизлари бу ерга келдик.Тўғриси, уй ишларидан ортиб аёллар докторига боролмай юргандим. Мазкур акция менга ўхшаганлар учун айни муддао бўлди. Хотин-қизлар саломатлиги учун жон куйдираётган Халқ демократик партиясидан миннатдормиз.

Тиббий кўрик жараёнида касаллиги аниқланган аёлларга даволанишлари учун мутахассислар томонидан тавсия ва йўлланмалар берилди.

Форум якунида депутатлар ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Жумладан, икки нафар имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачаси топширилди.

— Илоҳим умрингиз узоқ бўлсин, — дея миннатдорчилик билдиришди Беклар МФЙ, Чопиқ қишлоғида яшовчи Раҳима буви Раҳматованинг яқинлари хурсанд ҳолда партия вакиллари олиб келган ногиронлик аравачасини кўриб. — Онахон инсульт бўлиб ётиб қолдилар.Кекса киши, ҳовлига чиққилари келса олиб чиқишга қийналардик.Энди аравачада бемалол бутун қишлоқ айлантириб келсак ҳам бўлади.

— Партиянинг биз каби эҳтиёжманд оилаларга ёрдам акцияларини ўтказишини телевизордан кўп кўраман. — деди Янги Ҳаёт МФЙ, Туркманўғли қишлоғилик имконияти чекланган Азизбек. — Оиламиздан хабар олиш учун келган депутатларга ногиронлик аравачасига эҳтиёжим борлигини билдиргандим. Менга мадад аравачасини етказишди. Миннатдорчилигимни қандай билдиришни ҳам билмайман. Савоб ишларни давом эттираётган партия вакилларига раҳмат.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларни сидқидилдан амалга ошириш, энг чекка ҳудудларгача кириб бориб, хотин-қизлар турмуш фаровонлигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, минг-минглаб аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш пировард мақсадимиздир.

Партия ана шу мақсадлар йўлида ўзининг бор куч ва имкониятини тўлиқ сафарбар этади.

 

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш