Мурожаатларга ечим топиш кўрсаткичини қониқарли деб бўлмайди

Бугун парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, вазирлик, ташкилотлардан таклиф этилган экспертлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг ҳудудий ва Марказий Кенгаши масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) У.Мухаммадиев инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунлар ва ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари ижроси устидан мониторинг йўналишларида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берди.

Қайд этилдики, 2019 йилда қамоқда сақланаётган шахслардан 1314 та мурожаат келиб тушган 2018 йилга нисбатан 1,4 баравар кўп дегани. Жазони ижро этиш муассасаларидан Омбудсманга ишонч телефони орқали 103 та оғзаки мурожаат келиб тушган.

Ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг умумий сонидан 943 таси – суд ҳукмидан (845 та шикоят) ҳамда тергов тадбирларининг боришидан (98 та шикоят) норозилик шикояти тарзида, 371 та мурожаат – ҳукмни енгиллаштириш (287), тиббий ёрдам кўрсатиш (17), жазони ижро этиш бўйича бошқа муассасага ўтказиш (23) тўғрисидаги, шунингдек ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, шу жумладан уларнинг оила аъзоларига кўмаклашиш (44) ҳақида бўлган.

Давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноятда гумон қилинувчилар ва маҳкумларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари кўрилганлиги тўғрисидаги шикоятлар Омбудсманнинг алоҳида назоратида бўлган. 2019 йил давомида Омбудсман бу борада 138 та шикоятни қайд этган.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелда қабул қилинган 309-сонли Қарори билан Ички ишлар органларининг Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари ташкил этилган. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан қонунга мувофиқ ўз ваколатлари доирасида ҳудудлардаги 963 ўринга мўлжалланган 12 та реабилитация марказида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қонунларнинг ижро этилиши юзасидан мониторинг олиб борилган.

Реабилитация марказларида яратилган шароитлар у ерда сақланаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситади, бу эса “Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисида”ги низом талабларига зиддир, деб хулоса берилади Омбудсман ҳисоботида.

2019 йилда Омбудсман манзилига инсон ва фуқаронинг ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ 3 989 та мурожаат тушган. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 788 та (30,8%) шикоят назорат тартибида кўриб чиқилиб, улардан 373 таси (47,3%) ижобий ҳал этилган.

Фракция аъзолари Омбудсман институтининг бугунги ислоҳотлар даврида янада долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш ва узил-кесил ҳал қилиш бўйича амалий ишларни кўпайтириш лозимлигига эътибор қаратишди. Хусусан, айрим йўналишлардаги мурожаатларга ечим топиш кўрсаткичи фоизларга ҳисобланганда ҳам натижалар қониқарли эмаслиги қайд этилди.

Омбудсман инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари ҳамда тегишли амалиётни янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва таклифларини ҳам берди. Хусусан, прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги тергов идораларини бирлаштириш ҳамда ягона тергов органини ташкил этиш, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва уни Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказиш ёки алоҳида мувофиқлаштирувчи орган ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Фракция аъзолари айнан ушбу таклиф партия Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар билан мувофиқ келишини таъкидлаб, бу борада хорижий ва халқаро тажрибани пухта ўрганиш, чет элларда ишлаётган юртдошларимиз ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ масалаларни тўлиқ назарда тутиш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилишда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, «Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ–612-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Фракция аъзолари Халқ демократик партияси ғоялари ва Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, биринчи ўқиш жараёнида билдирган таҳририй таклиф инобатга олингани таъкидлаб ўтилди.

«Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги (янги таҳрир) қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, депутатлар юртимиздаги жадал қурилиш жараёнларида шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилиш, бу жараёнда жамоатчилик назорати йўлга қўйилишига ҳуқуқий шароит яратиш масалаларига эътибор қаратди. Шаҳарларда қурилиш ишларини амалга оширишда тадбиркорларнинг тор манфаатларинигина эмас, шаҳарнинг яхлит қиёфаси, ҳамма учун қулайлиги масалаларига эътибор бериш кераклиги таъкидланди.

Шу билан бирга, депутатлар Шаҳарсозлик кодексига юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишини назарда тутадиган меъёр киритилаётганини қўллаб-қувватлашларини билдирди.

Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида «Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

2019 йил 14 октябрда Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг Доимий бюроси Ўзбекистон Республикасининг мазкур ташкилотга қўшилиши юзасидан ташкилот аъзо-давлатларининг ижобий қарори қабул қилинганлиги ҳақида хабардор қилган.

Ҳозирги кунда ташкилотга 82 та давлат, шу жумладан, Европа иттифоқи аъзо саналади. МДҲ давлатлари орасидан эса конференцияда Арманистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси иштирок этади.

Мазкур ташкилотга аъзо бўлиш чет элда яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятга янада интеграциялашувини чуқурлаштиришга кўмаклашиш, халқаро фуқаролик, оилавий ва тижорат ҳуқуқининг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқ соҳасида замонавий стандартларни тадбиқ этишни тезлаштириш имконини беради.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, депутатлар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллашди.

Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракция позицияси белгиланди ва шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш