Фикр, тажриба алмашиш майдони

 

“Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол депутати” танловининг Республика босқичи ўтказилди

Ҳеч ким депутатликка ўқитилмайди. Қонунчилик меъёрлари, депутатлик фаолиятига оид бурч ҳамда ваколат, фикр алмашиш, ҳаётий тажриба бу борада дастуруламал бўлади.

Бугунги депутатни кечагиси билан солиштириб бўлмайди. Чунки уларнинг ваколати ҳам, зиммасидаги масъулият ҳам, ўз навбатида, тажриба ҳам ортган. Бу, айниқса, амалий ишларда ўз ифодасини топмоқда.

Халқ демократик партияси депутатларни янада рағбатлантиришга, уларнинг ўзаро тажриба алмашишига алоҳида эътибор қаратмоқда, турли тадбир ва лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда. “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол депутати” кўрик-танлови шундай лойиҳалардан биридир.

 

Мазкур танловнинг биринчи босқичи дастлаб шаҳар-туманларда бўлиб ўтди. Сараланган фаол депутатлар Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичларида билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди. Ўтган ҳафтада тарихий кент — Бухоро мезбонлик қилган тадбирда эса 14 ҳудудда кучли, деб топилган халқ вакиллари республика биринчилиги учун беллашди.

Табиийки, танлов бор жойда шартлар ва уларга қўйиладиган баллар бўлади. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир шартни 5 баллик тизимда баҳолаб борди. Биринчи шарт аҳоли муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли, деб номланди. Унда иштирокчилар ўзларининг амалий ишларини 5 дақиқалик видеоролик орқали намойиш этди. Хусусан, ижтимоий масалаларга ҳуқуқий ечим, фуқаро манфаатларини ҳимоя қилиш, партиянинг сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросига янгича ёндашув масалаларида чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди. Бунинг учун ҳар бир иштирокчига 10 дақиқадан вақт ажратилди.

Танловнинг иккинчи шарти, сиёсий ҳозиржавоблик, деб номланди. Бу шартда олдиндан тайёрлаб қўйилган саволларга оғзаки жавоб берилди. Иштирокчилар 7 та саволнинг қанчасига тўғри, қисқа, аниқ ва тезкор жавоб бера олганидан келиб чиқиб баҳоланди.

Танловда депутатларнинг қизиқишлари ҳам ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Бунинг учун учинчи шартда белгиланган талаблар асосида намойиш этилган саҳна кўринишлари, ижодий чиқишлар асос бўлди.

Шу тариқа энг фаол депутатни аниқлашга қаратилган танловнинг республика босқичи якунига етди. Унга кўра, 3 та учинчи ўрин, 2 та иккинчи ўрин соҳиби аниқланди. Халқ демократик партиясининг энг фаол депутати номига эса бир киши сазовор бўлди.

Албатта, танловда ғолиблик рамзий маъно касб этади. Турли номинацияларда тақдирланган иштирокчилар ҳам янги ташаббуслар, режа ва ғоялар, асосийси, катта тажрибага эга бўлган ҳолда ўз уйларига қайтишини таъкидлади.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси,

Марказий Кенгаш раиси ўринбосари:

— Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилди. Бу партиямизнинг неча йиллик орзуси эди. Эндиликдаги ҳаракатларимиз Ўзбекистонни ижтимоий давлатга айлантиришга қаратилади.

Бош қонунимизда инсон биринчи ўринга чиқарилди. Ҳар бир фуқаронинг манфаати давлатнинг диққат марказида бўлиши, ҳуқуқлари кафолатланиши белгиланди. Ана шунда давлат ижтимоий жиҳатдан ривожланади, тараққий топади. Бунда халқ вакиллари бўлган депутатларнинг, нодавлат институтларнинг ўрни ва роли аҳамиятлидир.

Ўтказилган кўрик-танловда ҳам ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Депутатлар ўзларига ва ўз касбдошларининг фаолиятига четдан назар ташлаш имконига эга бўлдилар. Тажриба алмашиш, билганларини такрорлаш, билмаганларини ўрганишга эришдилар. Чунки танловга тайёргарлик жараёни бир кунда амалга ошмади. Иштирокчиларнинг нафақат назарий билими, балки округларда ишлаш кўникмаси ҳам ошганига шубҳа йўқ.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси, танлов ҳаками:

— Аслида фаол ва ташаббускор депутатларимиз битта саҳнага сиғмайди. Чунки маҳаллий кенгашларда 1600 нафардан ортиқ депутатга эга бўлган партиямизнинг иши ҳам шунга яраша кенг кўламлидир.

Биласиз, маҳаллий Кенгаш депутатлари жамоатчилик асосида, ойликсиз ишлайди. Керак бўлса, уларни ватанпарвар, деб айтиш керак. Ана шундай кишилар орасида бўлиш ва танловда иштирок этиш, охирги босқичга етиб келиш ҳам бир жасорат.

Лекин биламизки, танловда шартлар бўлади, шартларнинг талаблари бўлади. Бизга эса шартларнинг бажарилишини таққослаш, уларни баҳолаш масъулияти юкланди. Хурсанд бўладиган тарафи, ҳеч ким четда қолмади, номинациялар белгиланди, ҳар бир иштирокчи тақдирланди.

Муҳими, танлов натижаси олинган ўрин билан чекланмайди. Бундай тадбирлар ҳар бир депутатга ўз устида ишлаши учун имконият ва рағбат вазифасини ўтайди, деб ўйлайман.

 

Эргаш АБДУРАИМОВ,

Олмалиқ шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси, танлов ғолиби:

— Биламизки, депутатлик бу касб ҳам, ҳунар ҳам, мансаб ҳам эмас. Бу халқ ишончи билан бериладиган катта масъулият, деб ҳисоблайман. Ўтказилган кўрик-танлов эса ана шу масъулиятимизни элакдан ўтказадиган, янада чархлайдиган, ўзаро тажриба орттиришимизга сабаб бўлган рақобат майдони бўлиб хизмат қилди, десам тўғри бўлади.

Танловда берилган баҳога келсак, у рамзий маънога эга бўлиб, депутатларга энг холис ва энг тўғри баҳони сайловчилар беради, албатта. Баҳолаш жараёнида фақатгина 3 та шарт инобатга олинди, деб ўйламайман. Сайловдан кейин ўтган 4 йил давомида қилинган амалий ишлар, орттирилган тажриба ҳам инобатга олинган бўлса керак. Депутатнинг бутун фаолиятини биргина танловда кўрсатиб бериш қийин масала. Танловда эришганларим, аввало, ўз устимда кўпроқ ишлашга ундади. Депутатлик масъулиятини янада чуқур ҳис этишимга туртки бўлди.

 

Жавлонбек АБДУЛЛАЕВ,

Косонсой туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси 2-ўрин соҳиби:

— Танлов чинакам маънода партиямиздан сайланган депутатлар учун маҳорат мактаби бўлди. Унинг иштирокчиси сифатида катта тажриба олдим. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, аҳоли розилигига эришиш йўлида сафдош депутатлар билан тажриба алмашдик.

Аслида танловда ҳамма ғолиб. Танловда иккинчи ўринни эгаллашим эса менга катта мотивация бериш билан бир қаторда ўз устимда кўпроқ ишлашим кераклигини кўрсатиб берди. Сиёсий муҳит, эътибор, кучли депутатлар билан фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдим.

Ўзим ҳақимда гапирсам, олий таълимда аввал бакалавр, сўнг магистратура босқичларини иқтисодиёт соҳасида битирганман. Талабалик давримдаёқ Косонсой туман Кенгаши депутати бўлиб сайланганим илмий ишимни ҳам ижтимоий соҳада ёқлашимга асос бўлди.

Фаолиятимни депутат ёрдамчилигидан бошлаганман. Депутатлик ишимда эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров билан доимо ҳаммаслак бўлиб иш юритганим округимда кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал бўлишига асос бўлди.

Мен каби бир ногиронлиги бўлган, жисмоний имконияти чекланган ёшни тарбиялаб, ўз сиёсий позициясига эга шахс, инсонларга нафи тегадиган фигура қилиб шакллантира олган партиямиздан ҳар доим миннатдорман. Муваффақиятим менга билдирилган ишончнинг меваси, деб ўйлайман. Бунинг учун устозларимга ташаккур.

 

Бахтиёржон ТЎЙЧИЕВ,

Риштон туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси, 3-ўрин соҳиби:

— Танловнинг турли босқичларида қатнашиш аввало, мени депутат сифатида яхши томонга ўзгартирди. Бу каби танловлар давомли бўлиши керак, деб ўйлайман. Сабаби, улар орқали тажриба алмашиш имкони мавжуд ва мазкур ташаббусни биринчилардан бўлиб Халқ демократик партияси олиб чиққани бизни қувонтиради.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 13.12.2023, №49

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш